Ички ишлар органларининг энг яхши китобхонлари аниқ бўлди
Сурхондарё вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимлар ўртасида “Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда ёшларнинг китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилаётган эътибор уларнинг маънавий дунёсини бойитиб, ақлий салоҳиятини ошириш ва тафаккурини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Осойишталик посбонларимизнинг ҳам китоб ўқишга қизиқиши ортиб бормоқда.

Қизиқарли кўрик-танловда вилоят ички ишлар органларининг барча тизимларидан саралаб олинган 20 га яқин ёш китобхон иштирок этиб, “Бадиий асарлар билимдони”, “Мен севган адиб” ва “Тезкор савол-жавоб” шартлари асосида ўзаро беллашди.

Танлов якунида Жарқўрғон тумани ИИБ ҲПГ профилактика инспектори, лейтенант Элдор Қосимов фахрли биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди. Термиз шаҳар ички ишлар бошқармаси биринчи ИИБ ҲПГ профилактика кичик инспектори, кичик сержант Самойиддин Шамсуддинов иккинчи, Қумқўрғон тумани ИИБ ЖХХ пробация гуруҳи катта инспектори, лейтенант София Абдуҳалимова учинчи ўринларни қўлга киритди.

Танлов ғолиблари ва фаол иштирок этган ходимлар вилоят ички ишлар бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири