Ҳурмузда танкерга ҳужум қилинди: минтақада вазият кескинлашмоқда
Буюк Британия ҳарбийлари маълум қилишича, Ҳурмуз бўғозида, Ўмон қирғоғи яқинида ҳаракатланаётган танкерга номаълум снаряд келиб тегиши оқибатида ёнғин чиққан. Сешанба куни эрталаб содир бўлган ушбу ҳужум Форс кўрфазининг энг муҳим сув йўлидаги кемаларни нишонга олиш билан боғлиқ навбатдаги ҳодиса бўлди.
Ваҳоланки, шу йил февраль ойи охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланишидан аввал жаҳондаги нефть ва суюлтирилган табиий газ ташувининг қарийб бешдан бир қисми айнан Ҳурмуз орқали амалга оширилар эди. Бу ҳақда “Al Jazeera” нашри хабар берган.
Буюк Британия Денгиз савдо амалиёти маркази (UKMTO) танкер Ўмоннинг Лимоҳ шаҳри яқинида зарбага учраганини айтган. Ўқ жануб томон ҳаракатланаётган кеманинг чап деворига теккан. Расмий ташкилотлар ҳодиса оқибатида қурбонлар йўқлиги, атроф-муҳитга зарар етмаганини билдириб, воқеа юзасидан суриштирув бошлаган. Эрон давлат телевидениеси суюлтирилган табиий газ ташувчи танкер огоҳлантиришга амал қилмагани учун ҳужумга учраганини хабар қилди. Бинобарин, Теҳрон расмийлари зарба учун масъулиятни бевосита зиммасига олгани йўқ.
АҚШнинг икки расмий вакили исмини ошкор этмаслик шарти билан “Axios” нашрига маълум қилишича, Эрон ҳарбийлари бўғоздан ўтаётган тижорат кемаларига камида икки ракета учирган. Манбалардан бири бошқа танкер ҳам ҳужумга учрагани, ҳар икки кемага жиддий шикаст етгани ҳақида гапирган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган.
Теҳронлик таҳлилчи Ҳусайн Ройварон “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида танкер Эрон мутахассислари сувни минадан тозалаётган ҳудудга кириб қолгани сабабли нишонга олинганини тахмин қилди. Унинг фикрича, Ўмон яқинидаги сув ҳудуди мина билан тўлган бўлиши мумкин. Яъни, кемалар айни йўналишда ҳаракатланиши минадан тозалаш гуруҳлари хавфсизлигига таҳдид туғдириши эҳтимоли йўқ эмас.
Ислом Республикаси расмийлари бир неча бор Ҳурмуз орқали фақат тасдиқланган йўналиш хавфсизлигини таъкидлаб келади. Шу боис Ўмон қирғоғига яқин бошқа йўналишдан фойдаланган кемага ҳужум ортида Эрон турибди, деган тахмин илгари сурилмоқда. Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги урушни бутунлай якунлашга қаратилган музокара ҳозирча тўхтаб қолган. Бу вазият собиқ Олий раҳбар Оятуллоҳ Али Ҳумонаийнинг дафн маросими якунлангунга қадар давом этиши кутиляпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА