"Ҳуқуқий заковат": билимдонлар ғолиб бўлди
Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси ва тизим ташкилотлари ходимлари ўртасида ҳуқуқий билим ва мантиқий тафаккурни синашга қаратилган "Ҳуқуқий заковат" интеллектуал ўйини ўтказилди.
Вилоят Ёшлар марказида ташкил этилган мусобақада туман (шаҳар) ҳамда ихтисослаштирилган спорт мактаблари ходимларидан шакллантирилган 14 та жамоа иштирок этди. Иштирокчилар ҳуқуқ, қонунчилик ва мантиққа оид саволларга жавоб бериш баробарида тезкор фикрлаш ва жамоавий қарор қабул қилиш қобилиятини намоён этди.

Баҳслар давомида иштирокчиларга турли мураккабликдаги ҳуқуқий ва мантиқий саволлар берилди. Саволларга аниқ ва тезкор жавоб топиш учун жамоалар ўзаро фикр алмашиб, ҳар бир топшириқ устида ҳамжиҳатликда ишлади.


Якуний натижаларга кўра, Сирдарё тумани спорт мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Сайхунобод тумани спорт мактаби жамоаси иккинчи, Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.


Интеллектуал ўйин якунида ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири