Ҳуқуқий ёрдам ваучери – ижтимоий адолатнинг амалий ифодаси
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишда малакали юридик ёрдам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун ҳуқуқий хизматларнинг очиқ ва қулай бўлиши адолатли жамият барпо этишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.
Конституцияда ҳар ким малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга экани белгиланган бўлиб, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши кафолатланган.
“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун ҳамда мазкур соҳада қабул қилинган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аҳолининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.
“Ҳуқуқий ёрдам ваучери” механизми мазкур йўналишдаги яна бир қадам.
“Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) бош мутахассиси Афзалбек Аҳмедовнинг қайд этишича, мазкур механизм ҳуқуқий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, аҳолининг одил судловга эришишини таъминлаш ва ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Аҳолидан келиб тушган мурожаатлар таҳлили аҳолининг аксарияти суд жараёнларида иштирок этиш учун адвокат жалб қилишда молиявий қийинчиликларга дуч келаётганини кўрсатган.
Шундан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида илғор хорижий тажрибалар ўрганилди ва аҳолининг ҳуқуқий эҳтиёжларига мос “Ҳуқуқий ёрдам ваучери” лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа дастлаб Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, Элликқалъа ва Чимбой туманларида синов тариқасида амалга оширилди. Ижобий натижалар асосида эса Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида республика бўйлаб татбиқ этилди.
Натижада 170 нафардан ортиқ фуқарога бепул профессионал адвокатлик хизматидан фойдаланиш имконини берувчи ҳуқуқий ёрдам ваучерлари тақдим этилди.
Лойиҳанинг асосий афзалликларидан бири – унинг содда ва шаффоф механизмга эгалиги. Фуқаролар “Мадад” ННТнинг ҳудудий бюроларига мурожаат қилганда уларнинг ижтимоий ҳолати, ҳуқуқий муаммоси ва ҳуқуқий ёрдамга эҳтиёжи ўрганилади. Белгиланган мезонларга мувофиқ деб топилган шахсларга ҳуқуқий ёрдам ваучери берилади.
Ушбу ваучер асосида фуқаро ўз ҳудудида фаолият юритаётган адвокат хизматидан бепул фойдаланиши мумкин. Кейинчалик адвокатлик тузилмаси билан шартнома расмийлаштирилиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёни бошланади.
Бу механизм бир томондан аҳолининг ҳуқуқий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондирса, иккинчи томондан адвокатура институтининг ижтимоий аҳамиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Ҳуқуқий ёрдам ваучери механизмининг ижтимоий аҳамияти унинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам қўлланилаётганида яққол намоён бўлмоқда.
Бугунги кунда “Мадад” ННТ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) билан ҳамкорликда болаларнинг ҳуқуқий ахборот ва юридик ёрдам олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳани амалга оширмоқда.
Лойиҳа доирасида болалар ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашган адвокатлар тайёрланиб, зўравонликдан жабр кўрган ёки ҳуқуқий ҳимояга муҳтож бўлган болалар ҳамда уларнинг оилаларига бепул юридик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.
Бу эса ҳуқуқий ёрдам ваучери механизмининг нафақат катталар, балки болалар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ҳам самарали воситага айланаётганини кўрсатади.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, Буюк Британия, Канада, Австралия, Германия ва Нидерландия каби давлатларда ҳуқуқий ёрдам тизими давлат, адвокатура ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлиги асосида ташкил этилган.
“Ҳуқуқий ёрдам ваучери” лойиҳаси мазкур илғор тажрибаларнинг миллий ҳуқуқий тизимга мослаштирилган намунаси бўлиб, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мазкур механизм аҳолининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, малакали юридик хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ҳуқуқий тенглик тамойилини ҳаётга татбиқ этишнинг таъсирчан воситаларидан бирига айланмоқда.
Энг муҳими, мазкур механизм ҳуқуқий ёрдамни эҳтиёжманд инсонларга яқинлаштириб, инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Шу маънода, ҳуқуқий ёрдам ваучери нафақат юридик хизмат кўрсатиш механизми, балки ҳар бир инсоннинг адолатга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган муҳим ижтимоий институтдир. Унинг қамрови кенгайиб бориши ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА