Ҳумоюн Султонов «Челленжер» турнирида 1/8 финалга чиқди
Хитойнинг Чжанцзяган шаҳрида теннис бўйича «Челленжер» туркумига кирувчи “International Challenger-Zhangjiagang” турнири ўтказилмоқда. Мусобақада ҳамюртимиз Ҳумоюн Султонов муваффақиятли иштирокини давом эттирмоқда.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, саралаш баҳсларидан асосий тўрга чиққан Ҳумоюн Султонов биринчи даврада мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Сергей Фоминга қарши кортга чиқди. 83 дақиқа давом этган баҳсда Ҳ.Султонов 7:5, 6:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг 1/8 финалига йўл олди.
Энди Ҳумоюн Султонов нимчорак финалда австралиялик Энцо Агиард билан баҳс олиб боради. Агиард ушбу мусобақанинг биринчи даврасида япониялик Хаято Мацуокани 6:3, 6:4 ҳисобида мағлуб этган эди.
Маълумот учун, Ҳумоюн Султонов ва Сергей Фомин бугунга қадар турли мусобақалар доирасида жами 4 маротаба тўқнаш келган. Ҳозирда ушбу учрашувларда Ҳумоюн 3:1 ҳисобида олдинда бормоқда. Айни пайтда Ҳ.Султонов ATP рейтингида 466-, С.Фомин эса 295-ўринни эгаллаб турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА