Ҳудудлар чиқиндилардан тозаланди
30 март – Халқаро чиқиндисиз кун
Навоий вилоятида ҳам 30 март – Халқаро чиқиндисиз кун муносабати билан экологик маданиятни ошириш, аҳолининг атроф-муҳитга бўлган муносабатини шакллантиришга қаратилган кенг қамровли экологик акция ташкил қилинди.

Навоий вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан Навбаҳор туманидаги “Қалқонота” қабристони ҳудуди, шунингдек, “Сармишсой” йўли ёқасидаги марказий чиқинди полигони атрофида тозалаш ишлари олиб борилди.

Акцияда “Ёш экофаоллар” ҳаракати кенгаши аъзолари, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ходимлари, Навоий давлат университети талабалари ҳамда Полигонлар дирекциясининг вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари фаол иштирок этди. Уларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида белгиланган ҳудудларда чиқиндилардан тозалаш ишлари самарали амалга оширилди.

Тадбир давомида иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, белгиланган вақт оралиғида ҳудудларни тозалаш бўйича топшириқларни бажарди. Якунда энг фаол ва кўп чиқинди тўплаган иштирокчилар турли номинациялар бўйича диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Бу каби амалий акциялар аҳоли ўртасида экологик онг ва масъулиятни ошириш, атроф-муҳитни асраш маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
А. Бўриев, ЎзА мухбири