Ховосда тадбиркор аёллар беллашишди
Ховос туманида тадбиркорлик ва бизнес соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини кенг жамоатчиликка намойиш этишга қаратилган «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Беллашув қизғин рақобат муҳитида кечди.
Танлов O‘zLiDeP Сирдарё вилояти ва Ховос туман Кенгашлари томонидан ташкил этилди. Унда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик салоҳиятини намоён этиш, меҳнати ва эришган натижаларини рағбатлантириш мақсад қилинди.

Беллашувда 9 нафар иштирокчи ўз бизнес лойиҳалари, қўл меҳнати намуналари ҳамда тадбиркорлик фаолияти натижаларини тақдим этди. Уларнинг ишлари ташаббускорлиги, меҳнатсеварлиги ва тадбиркорлик соҳасидаги тажрибасини намоён этди.

Танлов якунига кўра, 1-ўринни Гулзода Абдураимова, 2-ўринни Мухтабар Муқумова, 3-ўринни эса Мавлюда Бобожонова эгаллади.
Тадбирда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, янги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик орқали даромад манбаларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Танлов якунида ғолиб ва иштирокчилар O‘zLiDePнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири