Ҳовлидаги "сирли" экин фош этилди
Миллий қонунчилигимизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни, шунингдек, таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд ўсимликларни ноқонуний равишда экиш, етиштириш, сақлаш, ташиш, тайёрлаш ёки сотиш билан боғлиқ ҳар қандай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик муқаррар эканлиги қатъий белгилаб қўйилган.
Бироқ, жамият соғлом турмуш тарзига интилаётган ва ёшлар келажаги учун хавфсиз муҳит яратилаётган бир пайтда, айрим шахслар томонидан енгил ва ноқонуний даромад топиш илинжида содир этилаётган жиноятлар учраб турибди.
Божхона қўмитасининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликда Урганч шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди. Натижада, ўз ҳовлисида гиёҳвандлик ўсимлиги етиштирган шахс фош этилди.

Маълум бўлишича, 1994 йилда туғилган, Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро ўз яшаш хонадонининг боғ қисмида 11 туп "каннабис" гиёҳвандлик ўсимлигини ноқонуний равишда парваришлаб, етиштириб келганлиги аниқланди.

Холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечириш давомида ушбу ўсимликлар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди ва тегишли экспертиза тайинланди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири