Хотира ва қадрлаш кунида эзгу ташаббус
Божхона қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрининг Сергели туманида хавфсиз муҳитни таъминлаш, аҳоли ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар изчил давом этмоқда. Айниқса, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида ўтказилаётган учрашув ва хайрия тадбирлари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан Божхона қўмитаси раҳбарияти, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси раҳбарлари ҳамда Миллий кинология маркази директори Сергели туманида истиқомат қилаётган 7 нафар уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олди.

Учрашувлар давомида Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ва фронт ортида машаққатли меҳнат қилган нуронийлар билан самимий мулоқотлар ўтказилди. Фахрийлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар учун миннатдорлик билдирди.
Тадбир доирасида фахрийларга эсдалик совғалари ва моддий кўмаклар топширилиб, уларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиш, эҳтиром ва эътибор кўрсатиш эзгу қадрият экани таъкидланди.

Албатта, уруш ва меҳнат фахрийлари босиб ўтган ҳаёт йўли, уларнинг жасорати ва матонати ёш авлод учун ҳақиқий ибрат мактаби ҳисобланади. Бу каби учрашувлар эса ёшларда Ватанга муҳаббат, миллатга садоқат ва инсон қадрини улуғлаш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА