Хотин-қизларни рақамли касбларга қандай жалб этиш мумкин?
Бугун рақамли технологиялар нафақат янги касблар ва иш ўринларини яратмоқда, балки инсоннинг таълим олиши, касб эгаллаши ва ўз имкониятларини намоён этиши учун ҳам янги эшикларни очмоқда.
Айниқса, хотин-қизларни замонавий рақамли кўникмаларга ўқитиш ва уларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги иштирокини кенгайтириш долзарб масалалардан бирига айланмоқда.
Шу мақсадда Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Махсудов БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш тузилмаси — ЮН Вуменнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директор ўринбосари Элиза Фернандес Саенс билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасини ривожлантириш, аҳоли, хусусан, хотин-қизларни замонавий рақамли кўникмаларга ўқитиш, уларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги иштирокини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Хусусан, хотин-қизларнинг ахборот технологиялари бўйича таълим олиши, рақамли касбларни эгаллаши ва замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бу борада халқаро тажрибани ўрганиш ва самарали амалиётларни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар рақамли технологиялар соҳасида инсон капиталини ривожлантириш, хотин-қизларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ҳамда улар учун янги таълим ва касбий имкониятлар яратиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув якунида ушбу йўналишларда қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА