Ҳосил тақдири кузги агротехник тадбирлар ва фитосанитар назоратдан бошланади
Далалардаги ҳосилни фақат баҳорда экиб, ёзда парваришлаб, кузда йиғиб олиш билан таъминлаб бўлмайди. Айниқса, ер бағрида кўзга кўринмай қишни ўтказаётган зараркунандалар, касаллик қўзғатувчилари ва бегона ўт уруғлари келгуси йил ҳосили учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Демак, эртанги ҳосилнинг тақдири бугундан — кузги агротехник тадбирлар ва пухта фитосанитар назоратдан бошланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар йили зарарли организмлар — зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтлар туфайли қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилининг қарийб 35–40 фоизи йўқотилиши мумкин. Бу рақамнинг ўзиёқ зарарли организмларни олдиндан аниқлаш, уларнинг қишлаш ҳолатини ўрганиш ва келгуси мавсумдаги ривожланишини башорат қилиш қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида замонавий, ресурс тежамкор ва экологик жиҳатдан хавфсиз ёндашувларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан аграр соҳада маҳсулот етиштириш самарадорлигини ошириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп ҳамда фитосанитар талабларга жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бу жараёнда зарарли организмларга қарши курашда кимёвий воситаларга ортиқча таяниш эмас, балки уларнинг пайдо бўлишини олдиндан аниқлаш ва профилактик чораларни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Кузда далаларда амалга ошириладиган тупроқ ковлаш ишлари кўпчиликка оддий агротехник тадбирдек туюлиши мумкин. Аслида эса бу жараён ер бағрида яширинган зараркунандалар ҳақида муҳим маълумот берадиган ўзига хос “фитосанитар текширув”дир.
Тупроқ намуналарини олиш орқали қишловга кетган зараркунандаларнинг сони, тур таркиби, тупроқда жойлашиш чуқурлиги, қишлаш ҳолати, қишдан чиқиш эҳтимоли, келгуси мавсумдаги хавф даражаси аниқланади. Яъни кузги ковлаш орқали мутахассислар нафақат бугунги ҳолатни, балки эртанги хавфни ҳам олдиндан кўриш имконига эга бўлади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Вобкент туман бўлими Фитосанитар назорати давлат инспектори Рўзиев Иномжоннинг таъкидлашича, кузги тупроқ текширувларини сифатли ва белгиланган тартибда ўтказиш зараркунандаларга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга.
— Зараркунандаларга қарши самарали курашиш, аввало, уларни яхши билишдан бошланади. Қишда қаерда, қандай ҳолатда ва қанча миқдорда қишлаётганини аниқламасдан туриб, келгуси мавсумда уларга қарши аниқ чора белгилаш қийин. Шунинг учун кузги тупроқ ковлаш ишлари биз учун шунчаки намуна олиш эмас, балки келгуси йилдаги фитосанитар вазиятни олдиндан баҳолаш имконидир. Натижалар қанчалик аниқ бўлса, чора-тадбирлар ҳам шунчалик мақсадли ташкил этилади, — дейди инспектор Рўзиев Иномжон.
Қиш келиши билан зараркунандалар йўқолиб кетмайди. Аксинча, уларнинг аксарияти ўзини ноқулай об-ҳаво шароитидан ҳимоя қилиш учун тупроқ остига, ўсимлик қолдиқларига ёки бошқа яширин жойларга беркинади. Уларнинг қаерда ва қандай ҳолатда қишлаётганини билиш келгуси йилдаги хавфни баҳолашда ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Масалан, тупроқда қишлаётган зараркунанданинг сони кўп бўлса, об-ҳаво шароити ҳам унинг ривожланиши учун қулай келса, баҳор-ёз мавсумида экинларга жиддий зарар етказиши мумкин. Шу боис кузги текширувлар натижаси асосида зараркунандаларнинг келгуси мавсумдаги популяцияси прогноз қилинади. Бу эса фермер ва деҳқонларга хавфни олдиндан кўриш, зарур профилактик чораларни белгилаш имконини беради. Энг муҳими, бундай ёндашув ортиқча кимёвий ишловларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Бугун экологик тоза, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавфсиз маҳсулотларга талаб тобора ортиб бормоқда. Экспорт бозорларида ҳам маҳсулотнинг фитосанитар ҳолати, унда зарарли организмлар ва карантин объектларининг мавжуд эмаслиги муҳим талаблардан бири ҳисобланади. Шундай экан, зараркунандани кўрмасдан туриб, шунчаки «эҳтиёт чораси» сифатида кимёвий препарат қўллаш ўрнига, аввало унинг сони, тури ва хавф даражасини аниқлаш — илмий ва иқтисодий жиҳатдан тўғри ёндашувдир.
Кузги тупроқ ковлаш натижалари келгуси мавсумда қандай профилактик тадбирлар ўтказиш, қаерда кузатувни кучайтириш ва зарур ҳолларда қандай кураш чораларини қўллаш бўйича аниқ режа тузишга асос бўлади.

Бу эса бир томондан фермернинг ортиқча харажатини камайтирса, иккинчи томондан тупроқ, сув ва атроф-муҳитга тушадиган кимёвий юкламани пасайтиради.
Тупроқда қишловчи зараркунандалар ва касаллик қўзғатувчиларини аниқлаш учун ҳар бир майдондан белгиланган тартибда намуналар олинади. Тупроқ ковлашда 25х25 сантиметр, 50х50 сантиметр, 100х100 сантиметр ҳажмдаги квадрат ёки 40х100 сантиметр ўлчамдаги чўзиқ шаклдаги намуналардан фойдаланилади. Намуналар майдоннинг диагонали бўйлаб ёки шахмат — тасодифий усулда олинади. Бунда майдон ҳажми ҳам ҳисобга олинади. Жумладан, 10 гектаргача бўлган майдонда — 8 та намуна, 11–50 гектар майдонда — 12 та намуна, 51–100 гектар майдонда — камида 16 та намуна олиниши лозим. Намуналар орқали тупроқда қишлаётган зарарли организмларнинг тур таркиби, тарқалиши, популяция зичлиги ва ҳаётийлиги ҳақида маълумот тўпланади.
Тупроқ юзаси ва ўсимлик қолдиқларида учрайдиган зараркунандалар ҳамда касаллик қўзғатувчиларини ҳисобга олиш учун эса ҳар бир майдондан алоҳида намуна олинади.
Фитосанитар мониторингда яна бир муҳим жиҳат бор: намуна олинадиган жойни тўғри танлаш. Тупроқ ковлаш ишларини аҳоли пунктларига яқин, уй паррандаларининг кириши мумкин бўлган жойларда амалга ошириш тавсия этилмайди. Чунки бундай ҳудудларда қушлар ва бошқа омиллар зараркунандалар сонига таъсир қилиши, натижада олинган маълумотлар ҳақиқий ҳолатни тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин. Шунинг учун зараркунандалар биринчи пайдо бўладиган, улар учун хос ва типик бўлган майдонларни танлаш ниҳоятда муҳим. Бу ерда бир қарашда оддий туюлган намуна олиш жараёнининг ортида катта масъулият мужассам. Чунки битта нотўғри намуна бутун майдон ҳақида нотўғри тасаввур пайдо қилиши, нотўғри хулоса эса келгуси мавсумдаги кураш чораларининг самарасиз бўлишига олиб келиши мумкин.
Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш фақат кўпроқ уруғ сепиш ёки кўпроқ ўғит бериш билан ҳал бўлмайди. Ҳақиқий самара ернинг ҳолатини чуқур ўрганиш, зараркунандалар ҳаракатини кузатиш, хавфни олдиндан аниқлаш ва илмий асосланган қарор қабул қилишдан бошланади. Кузги тупроқ ковлаш ана шу тизимнинг муҳим бўғинидир. Бугун ер бағрини текшириш орқали эртанги хавф аниқланади. Эртанги хавф олдиндан маълум бўлса, унга қарши кураш ҳам ўз вақтида ва аниқ йўналишда ташкил этилади. Натижада ортиқча харажатлар камаяди, кимёвий воситалардан оқилона фойдаланилади, экологик хавфсизлик таъминланади ва энг муҳими — сифатли, фитосанитар тоза, экспортбоп маҳсулот етиштириш учун мустаҳкам замин яратилади. Демак, кузда ерни ковлаш — шунчаки тупроқни текшириш эмас. Бу келгуси ҳосилнинг тақдирини олдиндан ўқиш, даланинг “соғлиғи”ни баҳолаш ва зараркунандаларга қарши курашни ҳали хавф кучаймасидан бошлаш демакдир.
Ер бағридаги ҳар бир личинка, ҳар бир зараркунанданинг қишлаш ҳолати ҳақидаги аниқ маълумот — келажакда асраб қолинадиган тонна-тонна ҳосилнинг бошланғич нуқтасидир. Ана шу маънода бугунги фитосанитар назорат эртанги барака учун қўйилаётган энг муҳим қадамлардан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири