Хорижда ишлаш истагидаги ёшлар учун янги имконият
Тошкент шаҳрида ўтаётган Халқаро миграция форуми доирасида хорижда меҳнат қилиш ниятида бўлган фуқароларни замонавий касб ва хорижий тилларга ўқитишга ихтисослашган “Интил” халқаро таълим мажмуаси фаолиятига старт берилди.
Лойиҳа ташқи меҳнат бозорида талаб юқори мутахассисларни тайёрлаш, амалий кўникмани ривожлантириш ва халқаро стандартга мос кадрлар захирасини шакллантиришга қаратилган.
Мажмуа таркибида 600 ўринли аудиториялар, 180 ўринли амалий машғулот хоналари, 120 ўринли имтиҳон майдони ҳамда 400 ўринли ётоқхона бор. Шунингдек, фуқаролар учун консалтинг, ҳужжат расмийлаштириш, банк, авиакасса ва виза хизматлари йўлга қўйилган.
Бу ерда ҳамширалик, пайвандчилик, сантехника, электротехника, мехатроника, юк машинаси ҳайдовчилиги, “HoReCa” ва ошпазлик йўналишларида амалий тайёргарлик курслари ташкил этилган. Тингловчилар немис, япон, корейс, рус, инглиз, итальян ва француз тилларини ўрганиш имконига эга.
Ўқув жараёни халқаро талаб асосида ташкил қилиниб, ÖSD, J-CERT, EPS TOPIK каби халқаро сертификат имтиҳонларига тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилади.
[gallery-29485]
Ташаббус “Recrud Med”, RRG, “Bilding und Beruf”, “SBH West”, “Onodera” ва “KIA Auto Q” каби хорижий иш берувчилар ҳамда рекрутинг ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Форумда иштирок этган АҚШнинг “USA Farm Labor” компанияси раҳбари Мануэл Фик Ўзбекистонда ташкил этилаётган бундай марказлар меҳнат мигрантларини тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади:
– АҚШга борадиган ходимлар учун асосий қийинчиликлардан бири – инглиз тилини билмаслик. Фермерларимиз техникани бошқара оладиган, шу билан бирга инглиз тилида мулоқот қила оладиган ишчиларга эҳтиёж сезади. Шу жиҳатдан бундай марказлар одамларни яхши тайёрлашга хизмат қилади. Компаниямиз 23 йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳаси учун турли давлатлардан ишчи кучи жалб қилиб келади. Асосий йўналишимиз – H-2A дастури орқали мавсумий меҳнат миграциясини ташкил этиш.
Ўзбекистонликлар Америкада деҳқончилик, чорвачилик, иссиқхона хўжалиги, агротехника ва фермерлик хизмати бўйича фаолият юритиши мумкин. Шунингдек, йирик трактор ва комбайнларни бошқариш, экинга кимёвий ишлов бериш йўналишларига ҳам эҳтиёж кучли.
Дастурдан кўзланган асосий мақсад – фуқароларни мавсумий ишлатиб, кейин юртига қайтариш. Агар иш берувчи ходим фаолиятидан мамнун бўлса, келажакда “грин карта” учун ҳомийлик қилиши мумкин.
Дарвоқе, мажмуада тингловчилар хориждаги меҳнат муҳитига мослашув, қонунчилик, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва психологик тайёргарлик бўйича махсус курсларда ҳам қатнашади.
Мутахассислар фикрича, “Интил” каби мажмуалар фуқароларни хорижга тайёргарликсиз юбориш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиб, тизимли ёндашувни шакллантиришга кўмаклашади. Зеро, тил билими, касбий сертификат ва ҳуқуқий саводхонлик меҳнат мигрантлари рақобатбардошлигини оширишда муҳим омил саналади.
Янги ташаббус ёшларни рақобатбардош касб ва тил кўникмаси билан таъминлаш, уларнинг муносиб иш топиши ҳамда барқарор даромад манбаига эга бўлишига хизмат қилиши кутиляпти.
Дилшод Ҳакимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА