Хорижда ишлаш иштиёқидаги фуқаролар диққатига: Миграция агентлиги муҳим огоҳлантириш билан чиқди
Хорижда иш излаётган юртдошларимиз фирибгарлар тузоғига тушиш хавфи остида. Ташқи меҳнат миграцияси идораси уларни огоҳликка чақириб, айниқса тўлов амалга ошириш жараёнидаги яширин хавфни ошкор қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги чет элга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни фирибгарлик қурбони бўлиб қолмасликлари учун огоҳликка чақирди. Расмий баёнотга кўра, хорижда ишга жойлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга хусусий бандлик агентлиги билан шартнома тузилгандан сўнг тўловни бошқа фирма ёки учинчи шахс ҳисобига ўтказмаслик талаб этилади. Яъни, нақд пул бериш, маблағни жисмоний шахс пластик картасига ўтказиш ёки “консалтинг хизмати” ниқоби остидаги бегона фирмага пул тўлаш мумкин эмас.
Сабаби, муайян расмий лицензия фақат ўша ташкилотга тегишли бўлиб, бошқа маслаҳат компаниялари ёки корхоналарга татбиқ этилмайди. Белгиланган тартибга кўра, барча тўловлар фақат шартнома тузилган хусусий бандлик агентлигининг расмий ва махсус депозит ҳисоб рақамига амалга оширилиши ҳамда тўлов бажарилгандан кейин квитанция албатта талаб қилиб олиниши шарт. Хорижга отланаётган фуқароларга фирманинг лицензиясини олдиндан текшириш, шартнома ва тўлов ҳужжатидаги ташкилот номи мос келишини солиштириш тавсия этилади. Бундан ташқари, кейинчалик бирор муаммо келиб чиқса, ҳуқуқни қонуний ҳимоя қилиш осон бўлиши учун барча тўлов чеклари, шартномалар, расмий ҳужжатлар, ташкилот рекламаси ҳамда ижтимоий тармоқдаги ёзишмаларни тўлиқ сақлаб қўйиш сўралмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА