Хоразмда “Келажак кубоги” ғолиблари аниқланди
Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида мини футбол бўйича 2013-2014 йилларда туғилган ёш футболчилар ўртасида “Келажак кубоги” турнири ўтказилди.
Хоразм вилоятида “Келажак маркази” ташаббуси билан ўтказилган мусобақада воҳанинг турли ҳудудларидан 16 та жамоа ғолиблик учун ўзаро баҳс юритди.
Ушбу биринчиликда жамоалари ўз маҳоратларини ишга солиб, жамоавий ва чиройли ўйин намойиш этишга ҳаракат қилишди.
Якуний натижаларга кўра, спорт мактаби шарафини ҳимоя қилган “Ёшлик” ва “Бунёдкор” жамоалари мос равишда фахрли учинчи ўринга сазовор бўлишди. Ҳазораспнинг “Hazorasp Kids” жамоаси эса иккинчи ўринга лойиқ кўрилди.

“Келажак кубоги” турнирининг шоҳсупасини, яъни биринчи ўринни вилоят футбол мактабининг “Winners” жамоаси эгаллади.

Турнир якунида барча ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
А. Шокиров, ЎзА