Хоразмда DMED тизими бўйича ўқув-амалий семинарлар бошланди
Хоразм вилоят “Рақамли соғлиқни сақлаш маркази”нинг “Ситуацион маркази”да тиббиёт муассасаларининг провизор- мутахассислари, бош ҳамширалари ҳамда катта ҳамширалари иштирокида DMED тизимининг “Омборхона - 2” модули бўйича жуда муҳим бўлган ўқув-амалий семинарлари бошланди.
Мазкур семинарлар 10 сентябрдан 28 сентябрга қадар махсус режа-график асосида босқичма-босқич давом эттирилади.
–Семинар илк кунида дори воситалари ва тиббий буюмларнинг кирим-чиқимини тўғри юритиш, қолдиқларни назорат қилиш, партия ва яроқлилик муддатларини киритиш, бўлимлараро ҳаракатларни расмийлаштириш ҳамда амалиётда учрайдиган хатоларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ва амалий кўрсатмалар берилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Бикажон Матчонова. – Шунингдек, иштирокчиларнинг мавзу бўйича билим ва амалий кўникмаларини баҳолаш мақсадида назорат тести ўтказилди.
Маълумот ўрнида: DMED мамлакатимизда жорий этилган давлат рақамли тиббиёт ахборот платформаси бўлиб, у шифокор қабулига ёзилиш, электрон тиббий карта юритиш, ташхис ва таҳлил натижаларини сақлаш, шунингдек, QR-кодли электрон рецептларни расмийлаштириш учун хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири