Хонадонда ноқонуний дори воситалари сақланадиган яширин омбор аниқланди
Наманган шаҳрида сифат сертификатларига эга бўлмаган ва хориждан ноқонуний олиб кирилган катта миқдордаги дори воситалари сақланаётган яширин омборлар аниқланди. Уларнинг дастлабки қиймати 5,2 млрд сўмга баҳоланмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Божхона ва Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида ушбу ҳолат фош этилди.
Аниқланишича, Наманган шаҳрида яшовчи, 2002, 1997 ва 1987 йилларда туғилган уч нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, бешта хонадонда яширин омборлар ташкил қилган. Улар тегишли сифат сертификатларига эга бўлмаган дори воситаларини кейинчалик сотиш мақсадида сақлаб келган.
Тезкор тадбир натижасида хорижда ишлаб чиқарилган ва мамлакатга ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 287 турдаги жами 46 865 дона дори воситаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Улар орасида «Эринит», «Гемаза» ва «Фенотропил» каби препаратлар ҳам бор.
Ҳозирда олиб қўйилган дори воситалари юзасидан суд-кимёвий ва товаршунослик экспертизалари тайинланган. Ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА