Хитойлик мутахассислар билан келгуси режалар муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Хитой Халқ Республикаси Нанкин шаҳри Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси ўринбосари Юн Чжен бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда меҳмонларга пойтахтимизда олиб борилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳусусида маълумотлар берилди. Мулоқот давомида жаноб Юн Чжен Тошкент шаҳрига биринчи бор ташриф буюраётганини таъкидлаб, пойтахтда тарихий мерос ва замонавий тараққиёт уйғунлиги, шунингдек, инновацияларга очиқлик унда катта таассурот қолдирганини қайд этди.

Шунингдек, икки шаҳар ўртасида иқтисодий, саноат ва аграр йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳар икки томон учун бирдек манфаатли экани қайд этилди.
Жаноб Юн Чжен Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакилларини жорий йилнинг октябрь ойида Нанкин шаҳрида бўлиб ўтадиган йирик халқаро форумда иштирок этишга таклиф этди. Учрашув якунида томонлар ўзаро бизнес учрашувларини ташкил этишга келишиб олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА