Хитой СИ ёрдамида онлайн тижоратни ривожлантиради
Хитой Савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган электрон тижоратни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар онлайн-чакана секторда сунъий интеллектни фаол қўллашга қаратилган. Бу ҳақда “China Daily” ёзди.
Янги тартиб расман “AI plus е-cоmmеrcе” моделини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратади. Бозор раҳбарларига илмий-тадқиқот харажатини ошириш, истеъмолчи тажрибасини ўзлаштириш учун нейрон тармоғидан фойдаланиш, транзакция ва логистика сарфини камайтириш юзасидан тавсия беради.
– Хитой 13 йил давомида дунёдаги энг йирик онлайн чакана савдо бозори мақомини сақлаб келмоқда, – дейди электрон тижорат департаменти масъул вакили. – Бугунги кунда тармоқ 26 миллион маҳаллий сотувчини бирлаштириб, ер юзи бўйлаб 3,2 миллиард истеъмолчига хизмат кўрсатмоқда.
Стратегиянинг яна бир муҳим қисми трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантиришдир. Яъни, мазкур ҳужжат компанияларга хорижда бевосита харид қилиш базаларини ташкил этиш, маҳсулот импортини кенгайтириш ва бутун дунёдан Хитой бозорига кириш учун “тўғридан-тўғри йўлаклар” яратиш имконини яратади.
Соҳа таҳлилчилари фикрича, СИга асосланган услубларга ўтиш онлайн харидни мақсадли ва самарали қилади. Бундай саъй-ҳаракат Хитойнинг глобал бизнес ва миллий рақамли иқтисодиётни уйғунлаштиришга қаратилган кенг кўламли режасини ҳам тасдиқлайди.
Г.Сатторова, ЎзА