Ҳинд олимлари Деновда
Ҳиндистоннинг Индра Ганди қишлоқ хўжалиги университети ректори Гириш К.Чандел ва агробизнес бошқарув бўлими мудири Хулас Патхак, Менежмент таълим ва тараққиёт институти вице-президенти Лалит Аггарвал, Рамакришна юқори ўрта таълим мактаби директори Мамата Аггарваллардан иборат делегация Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида бўлиб, таълим, илм-фан соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш каби масалаларни муҳокама этди.
Институтнинг таълим жараёни, кредит-модул тизими асосида ташкил этилган ўқув машғулотлари, илмий-тадқиқот йўналишлари, замонавий лабораториялар ва ўқув инфратузилмаси билан яқиндан танишди. Меҳмонларда ўқув лабораторияларида олиб борилаётган амалий машғулотлар, инновацион ишланмалар ва талабаларнинг илмий изланишлари катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, Ҳинд ўқув маркази фаолияти тақдим этилиб, мазкур марказ доирасида амалга оширилаётган таълим дастурлари, тил ва маданият алмашинуви лойиҳалари, халқаро сертификатлаш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Марказ фаолиятини янада кенгайтириш ва қўшма дастурларни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

Ҳиндистоннинг нуфузли таълим муассасалари раҳбарлари институтда ташкил этилган илмий-амалий семинарда иштирок этди. Унда агробизнесни ривожлантириш, замонавий менежмент ёндашувлари, педагогик инновациялар ҳамда рақамли технологияларни таълим жараёнига жорий этиш масалалари муҳокама этилди. Профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳалар ҳамда халқаро грант дастурларида биргаликда иштирок этиш юзасидан келишувларга эришилди.
Делегация вакиллари институт ҳудудида дарахт экиш акциясида қатнашиб, экологик барқарорлик ва “яшил макон” ташаббусини қўллаб-қувватлади.

– Бу рамзий тадбир икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам илдиз отишини ифодаловчи муҳим воқеа бўлди, – дейди Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори О.Рўзиев. – Ўтган йил 18-25 август кунлари Ҳиндистонда бўлиб, Индра Ганди қишлоқ хўжалиги университети ва Менежмент таълим ва тараққиёт институти билан ўзаро ҳамкорлик меморандумларини тузган эдик. Унда таълим ва илмий тадқиқотлар, академик мобиллик, қўшма таълим дастурлари, малака ошириш курслари ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Меҳмонлар билан ана шу келишувга мувофиқ ҳамкорликни аниқ йўл хариталари асосида ривожлантириш, устувор йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар тузиш ва яқин истиқболда қўшма илмий анжуманлар ташкил этишни режалаштириб олдик.

Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида 8 мингдан ортиқ талаба таълим олмоқда. Институт дунёнинг ўнга яқин давлатидаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатган. Ўтган ўқув йилида бир гуруҳ талабалар Туркия, Индонезия ва Россия Федерациясида академик мобиллик асосида таҳсил олди. Жорий ўқув йилида яна 10 нафар талаба Туркия ва Россия Федерациясида ўқимоқда. Шунингдек, институтда ўқиш истагини билдираётган хорижлик талабалар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.

– Институтда яратилган замонавий таълим муҳити, илмий салоҳият ва ёшларнинг интилиши бизда бой таассурот уйғотди, – дейди Индра Ганди қишлоқ хўжалиги университети ректори Гириш К.Чандел. – Айниқса, аграр соҳадаги амалий ёндашув ва инновацион ишланмалар ҳамкорликни чуқурлаштиришимизга мустаҳкам асос бўлади. Имзолаган меморандумларимиз аниқ лойиҳалар билан янада бойитилишига ишонамиз.
Меҳмонлар талабалар учун маҳорат дарслари ўтди. Воҳанинг бой тарихи, маданий мероси, ҳудудларда эртаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва цитрус мевалар кўчати парваришлаш билан танишди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА