Хайрулло Бозоров: билимли, фидойи, ташаббускор мутахассислар доимо керак
Ёш, билимли ҳамда салоҳиятли кадрлар мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди. Фарғоналик ёшлар орасида бундай иқтидорлилар кўплаб топилади.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятдаги олий ўқув юртлари, тизим ва бошқармаларда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ёш мутахассислар билан учрашди. Вилоят раҳбари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ташаббускор, масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, юксак натижага эришиш йўлида барча куч-ғайратини сафарбар эта оладиган билимли, профессионал ва ватанпарвар ёш кадрларга эҳтиёж ортаётганлигини билдирди. Бугунги кунда хорижий тилни билиш, ўз устида тинмай изланиш муҳимлигини қайд этиб, вилоятда инвестиция, иқтисодиёт, ижтимоий ва бошқа соҳалар учун салоҳиятли мутахассислар кераклигини, бунинг учун вилоятда кадрлар етиштирадиган тизим яратиш зарурлигини таъкидлади.

– Вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида жорий йилда улкан марралар белгиланган, – деди вилоят ҳокими. – Албатта, бу ишларда сиз каби фидойи, ташаббускор мутахассислар жуда зарур. Касбга садоқатли бўлиб, астойдил меҳнат қилиш, бу Ватанга хизмат қилишнинг асл намунасидир.

Самимий мулоқот давомида ёш мутахассисларнинг режа ва мақсадлари, таклифлари тингланди.
М.Сулаймонов,
ЎзА