Ҳарбийлар ва ўқувчилар спорт мусобақаларида беллашди
Андижон вилояти Булоқбоши туманида “Мен ғолибман” шиори остида спорт мусобақалари ўтказилди.
Ватанпарварлик ойлиги доирасида Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм хизматчилари, тумандаги “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар ҳамда ҳудуддаги 55-, 68- ва 25- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчиларидан тузилган жамоалар ўртасида спортнинг волейбол, арқон тортиш, армрестлинг (куч синашиш), мини футбол турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Қизиқарли баҳслар асосида ўтган мусобақаларнинг якуний натижаларига кўра, ҳарбий қисм аскарларидан тузилган жамоалар барча спорт турлари бўйича ғолибликни қўлга киритди.

– Мусобақалар жуда қизиқарли ўтди, – дейди 68-ИДУМ 10-синф ўқувчиси Дилшодбек Аллаёров. – Ҳарбий хизматчилар нафақат жасур, балки жисмонан бақувват эканликлари учун ҳам барча мусобақаларда ғолиб бўлди. Очиғи, уларга ҳавасимиз келди. Шахсан мен келажакда ҳарбий хизматга боришни, ватан ҳимоячиси бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Ҳарбий қисм, ҳудуддаги маҳалла, мактаблар ҳамкорликда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилган спорт мусобақалари ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди, уларнинг қалбида ҳарбий бурчга ҳурмат, чегара қўшинлари, миллий армиямиз куч-қудратига ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.