Ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда аскарлар ватанпарварлик тадбирида иштирок этди (+видео)
Пойтахтимизда жойлашган Ғалаба боғидаги "Миллат фидойилари" хиёбони Президентимиз ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллиги, тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаш йўлида хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилган муқаддас маскандир.
Хиёбонда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, ходимлари, курсантлар ҳамда аскарлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Иштирокчилар хизмат вақтида ҳалок бўлган қаҳрамон юрт фарзандларининг номлари ва видеолавҳалари жойлаштирилган хотира майдонида бўлиб, уларнинг жасорати ва фидойилигини чуқур ҳурмат билан ёдга олди.
Тадбир Ғалаба боғи ҳудудида давом этди. Боғнинг ташкил этилиш тарихи, халқимизнинг қаҳрамонлик анъаналарини акс эттирувчи экспонатлар ҳақида мутахассислар томонидан маълумотлар берилди. Шунингдек, Ватанга садоқат ва жасорат мавзусидаги видеолавҳа намойиш этилди. Жадидлар маърифати, уларнинг миллий тараққиёт йўлидаги хизматлари ҳамда бугунги ислоҳотлар билан узвий боғлиқ жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.
Ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларда юксак маънавий руҳ ва миллий ғурур ҳиссини янада мустаҳкамлади. Шунингдек, музей бўйлаб ташкил этилган саёҳат иштирокчиларнинг тарихий билимларини янада бойитишга хизмат қилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Q4DGwkaWJeY?si=xedWVWiwE6v-tQFe" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
У.Тўхтаев (монтаж),
ЎзА