Ҳарбий хизмат ўташнинг жозибадорлиги оширилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташнинг нуфузи ва жозибадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган.
Қонун лойиҳаси билан олий ҳарбий, шунингдек, хорижий олий ҳарбий таълим муассасаларининг учувчи мутахассислиги бўйича битирувчилари билан янги контракт тузишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, республика китобхонлик танловида юқори натижаларга эришган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддатини бир ойга қисқартириш назарда тутилмоқда. Қайд этилганидек, ушбу рағбатлантириш чораси ҳарбий хизматчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Ҳужжатдаги янги нормалар юқори малакали учувчи мутахассисларнинг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларнинг кўп йиллик тайёргарлиги ва тажрибасини ҳарбий авиацияни янада ривожлантиришга йўналтириш ҳамда Қуролли Кучларнинг профессионал салоҳиятини юксалтириш имконини беради.
Муҳтарама Комилова, ЎзА