Ҳарбий қисмда ўқув-йиғини ўтказилди
Ёш авлодни Ватанга садоқат, юрт тақдирига дахлдорлик ва юксак масъулият руҳида тарбиялаш — бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Айниқса, ҳарбий қисм ва муассасаларда бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш ёшлар етакчиларидан билим, ташаббус ва изланишни талаб қилади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах ва Сирдарё вилоят кенгашлари ташаббуси билан Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли “н” ҳарбий қисмда шу ҳарбий қисм ва муассасалардаги бошланғич ташкилот етакчилари учун ўқув-йиғини ўтказилди. Унда ёшлар етакчиларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, малакасини ошириш, шунингдек, вилоятлар ўртасида ўзаро тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув-йиғини “Бошланғич ташкилотнинг асосий мақсади ва вазифалари, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти” мавзусидаги маъруза билан бошланди. Унда бошланғич ташкилотнинг ёшлар билан ишлашдаги ўрни, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва тарбиявий жараённи мазмунан бойитиш масалаларига урғу берилди.
Йиғинда 2026 йилнинг саккиз ойи давомида ёшларга оид давлат сиёсати юзасидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шу билан бирга, 2026 йил якунига қадар ёш ҳарбий хизматчи ва ходимлар ўртасида чора-тадбирлар дастурида белгиланган тадбир ва лойиҳаларни юқори савияда ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ўқув-йиғинининг амалий қисми ҳам эътиборга молик бўлди. Хусусан, ҳарбий қисм бошланғич ташкилот етакчисининг хонасида ёшлар етакчиларига уни талаб даражасида жиҳозлаш ва номенклатура ҳужжатларини юритиш тартиби тушунтирилди. Ҳарбий қисм ахлоқий-руҳий таъминот хонасида эса ёшлар етакчилари иштирокида “Психологик тренинг”лар ўтказилди.
[gallery-30920]
Тадбирлар давомида ёшлар етакчиларининг устувор вазифалари, “Сувни биргаликда асраймиз” лойиҳаси, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳуқуқбузарликка мойил ёшлар билан тизимли ишлашга қаратилган лойиҳалар муҳокама қилинди. Бу йўналишларда тўпланган тажрибани оммалаштириш, самарали усулларни жойларда кенг қўллаш юзасидан фикр алмашилди.
Ўқув йиғинининг Жиззах шаҳридаги Қатағон қурбонлари музейига маънавий-маърифий ташриф билан давом эттирилгани эса унинг мазмунига янада теран маъно бағишлади. “Тарихдан сабоқ, келажакка ишонч” шиори остида ташкил этилган тадбирда ҳарбий қисм ва муассасаларнинг бошланғич ташкилот етакчилари ва ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.
Музей экспозициялари билан танишиш асносида иштирокчилар тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар, архив материаллари ҳамда қатағон йиллари билан боғлиқ экспонатлар орқали ўзбек халқининг ХХ асрдаги мураккаб ва фожиали даврлари ҳақида маълумотларга эга бўлди. Ўзининг илмий, маърифий, адабий ва жамоат фаолияти билан халқимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, бироқ мустабид тузумнинг сиёсий таъқиб ва қатағонларига учраган юртдошларимизнинг ҳаёти ва тақдири ҳақидаги маълумотлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Музей ходимлари қатағон сиёсатининг халқимиз ҳаётига етказган оғир оқибатлари, бегуноҳ инсонларнинг ноҳақ жазоланганлиги, зиёлилар, олимлар, адиблар ва давлат арбобларининг таъқиб этилгани ҳақида атрофлича маълумот беришди. Тарихий манбаларга асосланган суҳбатлар орқали иштирокчилар тинчлик ва осойишталикнинг қадри, мустақиллик неъматини асраш ва уни келажак авлодларга муносиб етказиш масъулиятини яна бир бор ҳис этишди.
Зеро, тарих — шунчаки ўтмиш ҳақидаги хотиралар мажмуи эмас. У бугунни англаш ва эртанги кунни тўғри барпо этиш учун зарур сабоқлар манбаидир. Халқ ўз тарихини қанчалик чуқур англаса, унинг миллий ўзлиги, маънавий иммунитети ва Ватанга бўлган садоқати шунчалик мустаҳкам бўлади.
Ўқув-йиғини якунида ёшлар етакчилари ўзаро тажриба алмашишиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан мулоқот қилишди. Янги ташкилий-услубий ёндашувлар ишлаб чиқилиб, жойларда ёшларга оид ишларни янада такомиллаштириш, уларни ватанпарварлик, интизом ва масъулият руҳида тарбиялаш бўйича илғор тажрибалар ўртоқлашилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари