Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо берди
Пойтахтимизда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг “Швейцария гуруҳи” навбатдаги йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳамда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) раҳбарияти ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган макроиқтисодий ислоҳотлар ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Марказий банк раиси Тимур Ишметов иштирок этди. Халқаро валюта жамғармаси томонидан эса ташкилотнинг юқори мартабали вакили Бо Ли қатнашди.
Мулоқот давомида мамлакат иқтисодиётининг бугунги ҳолати, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, пул-кредит ва фискал сиёсатни ўзаро мувофиқлаштириш, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони инфляцияни пасайтириш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар юзасидан маълумот берди. Хусусан, банк секторида давлат улушини қисқартириш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва давлат банкларини трансформация қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро валюта жамғармаси вакиллари Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва макроиқтисодий сиёсатни ижобий баҳолаб, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда пул-кредит ва фискал сиёсат ўртасидаги мутаносибликни сақлаш, солиқ ислоҳотларини изчил давом эттириш ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги конструктив ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди. Жумладан, макроиқтисодий сиёсат, солиқ маъмурчилиги, пул-кредит сиёсати, молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда давлат институтлари салоҳиятини ошириш йўналишларида техник кўмак ва тажриба алмашинувини давом эттиришга келишиб олинди.

Бундай мулоқотлар мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА