Халқаро таълим стандартлари – рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг янги босқичи
Сўнгги йилларда таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 17 июль куни қабул қилинган «Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори айни йўналишни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим стратегик ҳужжат бўлди.
Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – халқаро интеграциялашган таълим дастурларини босқичма-босқич жорий этишдир. Бу орқали ўрта махсус, касбий ва олий таълим ўртасида узвийлик таъминланади, ўқув дастурлари халқаро малака даражалари билан мувофиқлаштирилади. Энг муҳими, таълим жараёни меҳнат бозори эҳтиёжлари билан янада чамбарчас боғланади.

Мазкур қарор академик лицей, техникум ва олий таълимни ягона таълим траекториясига бирлаштиришни назарда тутади. Ҳозиргача академик лицейлар, техникумлар ва университетлар ўртасидаги боғлиқлик асосан қабул тартиблари билан чекланиб келган бўлса, янги қарор ушбу босқичларни ягона интеграциялашган таълим дастурлари орқали боғлайди. Энди ўқувчи бир босқичдан иккинчисига ўтар экан, аввал эгаллаган билим ва компетенциялари кейинги босқичда инобатга олинади.
Аввало, академик лицейларда ўқув дастурлари университетларнинг академик талабларига яқинлаштирилади. Ўқувчи кейинги босқичга ўтганда қайтадан бир хил мавзуларни такрорламайди, балки олдинги босқичда олган билимлари асосида янги даражага кўтарилади.
Интеграциялашган таълим дастурлари жорий этилган техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар мос бакалавриат йўналиши бўйича Интеграциялашган дастурлар олий мактабига кириш имтиҳонисиз қабул қилинади. Бу касбий таълимнинг нуфузини ошириш ва техникумни олий таълимга олиб чиқувчи тўлиқ таълим босқичига айлантиришга хизмат қилади. Янги тизимнинг муҳим хусусияти шундаки, интеграциялашган таълим дастурлари иш берувчилар ва соҳа мутахассислари иштирокида шакллантирилади. Бу эса битирувчиларнинг назарий билимлари билан бир қаторда амалий кўникмаларини ҳам меҳнат бозори талаблари асосида ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳужжатда Буюк Британиянинг халқаро таълим стандартлари ва бошқа илғор мамлакатлар тажрибаси асосида 3-8-малака даражалари бўйича интеграциялашган таълим дастурларини жорий этиш белгилангани бежиз эмас. Бу ёндашув талабага маълум бир босқичда таълимни тўхтатиб меҳнат фаолиятини бошлаш, кейин эса ўқишни давом эттириш имкониятини ҳам яратади. Бундай тизим умр давомида таълим олиш тамойилини амалда таъминлайди.
Буюк Британиянинг малакалар тизимига асосланган ёндашувнинг танланиши ҳам бежиз эмас. Мазкур тизим таълим натижаларини ўқиш муддати эмас, балки эгалланган билим, кўникма ва компетенциялар асосида баҳолайди. Шу боис қарорда Буюк Британиянинг RQF (Regulated Qualifications Framework) малака даражаларига мос интеграциялашган таълим дастурларини жорий этиш назарда тутилган. Бу ёндашув академик лицей, техникум ва олий таълим ўртасида узвийликни таъминлаш, аввал ўзлаштирилган кредитларни тан олиш, талабаларнинг академик мобиллигини кенгайтириш ҳамда битирувчиларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида қарор билан Халқаро малакалар ва баҳолаш маркази ташкил этилмоқда. Марказ интеграциялашган таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш, халқаро малака талабларини жорий этиш, таълим натижаларини баҳолаш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан муносабатни ташкил этиш бўйича таянчдир. Айнан ушбу марказ халқаро таълим стандартларини академик лицейлар, техникумлар ва олий таълим муассасаларида босқичма-босқич жорий этиш жараёнининг асосий координатори бўлади.
Қарорнинг биринчи босқичида интеграциялашган таълим дастурлари 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб 20 та олий таълим муассасасида жорий этилади. Айримларда нега айнан ушбу университетлар танланди, деган савол туғилиши мумкин. Улар рейтинг асосида эмас, балки соҳавий ихтисослашуви, халқаро ҳамкорлик тажрибаси, моддий-техника базаси ҳамда интеграциялашган таълим дастурларини амалга ошириш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда пилот олий таълим муассасалари сифатида белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур рўйхат қатъий эмас. Қарорга мувофиқ, Халқаро малакалар ва баҳолаш марказининг таклифлари асосида унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бу эса интеграциялашган таълим дастурлари кейинчалик бошқа олий таълим муассасаларида ҳам босқичма-босқич жорий этилишини англатади.
Халқаро малакалар ва баҳолаш марказига QS ёки THE рейтингларининг ТОП–100 университетлари талаблари асосида интеграциялашган дастурларни мувофиқлаштириш, бакалавриатда "1+3" ва "2+2", магистратурада "1+1" моделларини жорий этиш вазифаси юклатилди. Мазкур моделлар халқаро қўшма таълим дастурларини амалга оширишнинг энг самарали механизмларидан бири ҳисобланади.
Жумладан, "1+3" моделида талаба биринчи босқични Ўзбекистонда, қолган қисмини ҳамкор хорижий университетда ўқийди. "2+2" модели таълимнинг тенг қисмини икки мамлакат олий таълим муассасаларида ташкил этиш имконини беради. Магистратурадаги "1+1" модели эса бир йиллик таълимни Ўзбекистонда, иккинчи йилни хорижий ҳамкор университетда ўташни назарда тутади. Бундай ёндашув талабаларга халқаро академик муҳитда таҳсил олиш, илғор тажрибани ўзлаштириш ва қўшма ёки халқаро тан олинадиган дипломга эга бўлиш имкониятини яратади.
Янги қарорнинг яна бир муҳим жиҳати – иқтисодиётнинг устувор тармоқлари учун кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганидир. Қурилиш, муҳандислик, ахборот технологиялари, транспорт, логистика, туризм, меҳмонхона хизмати, бизнес ва бошқа соҳаларда халқаро стандартлар асосида таълим дастурлари жорий этилиши натижасида битирувчиларнинг амалий кўникмалари сезиларли даражада ошади. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиёти учун рақобатбардош инсон капитали шаклланишига хизмат қилади.
Қарор нафақат таълим мазмунини, балки баҳолаш тизимини ҳам янги босқичга олиб чиқади. Энди ўқув натижалари халқаро талаблар асосида баҳоланади, талабалар эгаллаган компетенциялар халқаро мезонларга мувофиқ шакллантирилади. Бу ўз навбатида, Ўзбекистонда олинган билим ва малакаларнинг хорижда ҳам тан олиниши учун мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий асос яратади.
Ҳужжатда профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида урғу берилган. Чунки халқаро стандартлар асосида таълим бериш, энг аввало, замонавий билим ва методикаларни эгаллаган педагогларни талаб қилади. Шу боис ўқитувчиларнинг халқаро сертификатлар олиши, хорижий ҳамкорлар билан малака ошириши ва илғор таълим технологияларини ўзлаштириши кенг қўллаб-қувватланади.
Шу билан бирга, қарор таълим муассасалари бошқарувида ҳам янги ёндашувларни жорий этади. Таълим дастурларини ишлаб чиқишда иш берувчилар, соҳа мутахассислари ва хорижий ҳамкорларнинг иштирокини кенгайтириш, таълим натижаларини мустақил баҳолаш ҳамда халқаро аккредитация жараёнларини кенгайтириш белгиланган. Бу орқали таълим дастурларининг сифати халқаро мустақил ташкилотлар томонидан баҳоланади, уларнинг халқаро даражада тан олиниши ва битирувчиларнинг академик ҳамда касбий мобиллиги янада кенгаяди.
Президент қарори мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Агар аввалги босқичларда таълим тизимининг қамровини кенгайтириш, инфратузилмани мустаҳкамлаш ва имкониятларни оширишга эътибор қаратилган бўлса, эндиликда асосий вазифа сифати халқаро даражада эътироф этиладиган таълим муҳитини шакллантиришдир.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
олий таълим, фан ва инновациялар вазири.
ЎзА