Ғолиблар аниқланди
Андижон шаҳридаги “Универсал” спорт мажмуасида аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси, Андижон вилояти ҳокимлиги, спорт бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган мамлакат чемпионати мусобақаларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган U-15, U-17, U-20 ёш тоифасидаги спортчилар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Аралаш жанг санъатлари (ММА) спорт турини тарғиб этиш, оммалаштириш ва ёшлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш мақсадида ўтказилган мусобақалар очилишида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фазлиддин Бердиев, Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси ижрочи директори Муродхон Тўраев, Андижон вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов спортчиларни муборакбод этиб, уларга омад тилади.

Қизиқарли ва муросасиз баҳсларда бир неча кун давом этган чемпионат мусобақалари қатнашчилари ўзларининг маҳорат, жисмоний ва руҳий чидамликларини намойиш этди.
Чемпионат ўйинларининг якуний натижаларига кўра, Андижон вилояти вакиллари умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритди.

Мусобақада иккинчи ўрин Тошкент шаҳри жамоасига, учинчи ўрин эса Навоий вилояти спортчиларига насиб этди.
Мамлакат чемпионати ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ҳамда пул мукофоти билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА