Гимнастикачиларимиз жаҳон кубогида совриндор бўлди
Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи доирасида ўтказилган мусобақа ўз якунига етди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муносиб иштирок этди.
Жумладан, мусобақанинг гуруҳ машқлари бешта тўп йўналишида Иродахон Содиқова, Фатима Эл-Санкари, Ёсина Жўраева, София Усова, Мишель Нестерова ва Диана Ҳакимова каби истеъдодли гимнастикачилардан иборат терма жамоамиз бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу йўналишда олтин ва кумуш медаллар Исроил ва Бразилия терма жамоасига насиб этди.
Дарвоқе, мусобақанинг яккаликлар ўртасида ўтган кўпкураш ва алоҳида жиҳозлар дастури якунига кўра, Тахмина Икромова ҳамда Лола Жўраева кучли ўнликдан жой олди.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон кубогининг илк босқичида 28-30 март кунлари Болгариянинг София шаҳрида ўтган бўлса, иккинчиси 10-12 апрель кунлари Тошкентда ўтган. Энди эса 10–12 июль санасида Италиянинг Милан шаҳрида кубок босқичининг сўнгиси бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА