Германиянинг дуал таълим тажрибаси ўрганилмоқда
Меҳнат бозори талабларига мос, юқори малакали мутахассислар тайёрлашда дуал таълим тизими муҳим ўрин тутади.
Таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан уйғунлаштиришга асосланган мазкур модел бугунги кунда дунёнинг қатор ривожланган давлатларида самарали қўлланилмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу борадаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш мақсадида Германиянинг илғор тажрибаси ўрганилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги делегациясининг Германия Федератив Республикасига ташрифи доирасида Анхалт университети вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Германияда дуал таълим тизимини самарали ташкил этиш механизмлари, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликнинг институционал асослари, талабаларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш тажрибаси ҳамда меҳнат бозори талабларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Университет мутахассислари томонидан Анхалт амалий фанлар университетида амалга оширилаётган дуал таълим дастурлари ҳақида тақдимот ўтказилди. Унда дуал таълимнинг асосий афзалликлари, таълим жараёнининг корхоналар фаолияти билан интеграциялашган модели, талабаларнинг ўқиш давомида амалий тажриба ва даромад олиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, университетда бакалавриат ва магистратура босқичларида дуал таълим шаклидаги қатор таълим дастурлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунда университет 200 дан ортиқ корхона ва ташкилот билан ҳамкорлик қилиб, талабаларни иш жойида амалий тайёрлаш тизимини йўлга қўйган. Таълим жараёнида назарий машғулотлар университетда, амалий босқичлар эса иш берувчи ташкилотларда ўтказилиб, ҳар икки йўналиш ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этилади.
Томонлар Германиянинг халқаро миқёсда эътироф этилган дуал таълим модели иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларига жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар тайёрлашда муҳим ўрин тутиши, бунда таълим муассасалари, иш берувчилар ва давлат ташкилотлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шунингдек, делегация аъзолари учун университет инфратузилмаси бўйлаб танишув экскурсияси ташкил этилди. Унда замонавий ўқув бинолари, илмий-тадқиқот лабораториялари, амалий машғулотлар ўтказиладиган ўқув-ишлаб чиқариш майдонлари, талабалар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда таълим жараёнида қўлланилаётган инновацион технологиялар ва ёндашувлар билан яқиндан танишилди.
Музокаралар чоғида дуал таълимни янада ривожлантириш, таълим дастурларини меҳнат бозори ва иш берувчилар эҳтиёжлари асосида такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар академик алмашинувини кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ҳамда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА