Германия Ўзбекистонлик мигрантларни танлади
Миграция тобора такомиллашмоқда. Илгари тил биладими, касбий малакаси қай даражада, шу ихтисослик керакми каби саволларга жавоб топмай мигрантлар асосан Россия, Қозоғистон, Туркия каби давлатларга йўл олар эди. Арзимаган маошга кўпчилик коммунал хизмат соҳаси ёки қурилишдан иш топган.
Энди вазият ўзгарди. Европа, Осиё, ҳатто Америка қитъаси давлатлари Ўзбекистон фуқароларини хорижий тилларга ўқитиб, муайян касбга ўргатиб, сўнг муносиб иш ҳақи тўланадиган тайинли компания ёки корхоналарга таклиф этмоқда. Бундай ҳолат Фарғона вилоятида ҳам мавжуд. Ҳозиргача Германия ва Корея Республикасининг тил ва касбга ўқитиш марказлари мавжуд эди. Энди улар кенгаяди.
Германиядаги “Prosica GmbH” – таълим ва технологиялар соҳасида фаолият юритувчи ташкилот касбий тайёргарлик дастурлари, амалий илмий тадқиқотлар, технологиялар трансфери ҳамда халқаро инсон ресурслари ривожланиши йўналишларида хизмат кўрсатади. Шунингдек, IT ва сунъий интеллект лойиҳаларини амалга билан ҳам шуғулланади.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Германиянинг “Prosica GmbH” компанияси катта маслаҳатчиси Транг До бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда вилоятда компания билан бошланган амалий ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни аниқ механизмлар асосида амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Компаниянинг таълим ва технологиялар соҳасидаги тажрибасидан фойдаланган ҳолда ёшларни хорижий тилларга ўқитиш, уларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқувчилар алмашинуви дастурларини ташкил этиш, иқтидорли ёшлар учун стипендия ва мукофотлар жорий қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, жумладан, ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ташаббуслари кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг чет тилларини ўрганиши, замонавий касбларни эгаллаши ва халқаро тажриба орттириши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ҳамкорликни аниқ вазифалар ва босқичларни қамраб олган “йўл харитаси” асосида ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида устувор йўналишлар белгиланиб, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кейинги чора-тадбирлар келишиб олинди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА