ФВВ соҳасида халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида Венгриянинг Обуда университети ректори маслаҳатчиси Неъмет Антал раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ташриф давомида делегация аъзолари академиянинг замонавий Ахборот-ресурс маркази, лаборатория ва ўқув хоналари, дарс жараёнлари ҳамда моддий-техник базаси билан яқиндан танишди.
Учрашувда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, таълим сифатини ошириш ҳамда илғор хорижий тажрибани ўқув жараёнига жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва касбий қайта тайёрлаш, ўзаро англашув меморандумини имзолаш, академик мобилликни йўлга қўйиш ҳамда Академия тингловчиларининг Обуда университети Муҳандислик факультетида таҳсил олишини ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, фавқулодда вазиятларни бошқариш, офатлар хавфини камайтириш, ёнғин хавфсизлиги, қутқарув операциялари ва фуқаро муҳофазаси йўналишларида замонавий таълим дастурлари ва методикаларини жорий этиш, университет профессорларини Академиянинг таълим жараёнига жалб қилиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Обуда университети ректори маслаҳатчиси Неъмет Анталга ФВВ академиясининг эсдалик нишони топширилди. Томонлар самимий қабул ва мазмунли мулоқот учун ўзаро миннатдорлик билдириб, келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини таъкидлади.
Мазкур ташриф фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва халқаро таълим алоқаларини кенгайтириш йўлидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш имконини берди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА