Фуқароларнинг ҳуқуқлари қонун ҳимоясида
Наманганда вилоят суди томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда судлар томонидан “Адолатли суд – инсон қадри учун” тамойили асосида ўтган даврда кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар, ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳақида сўз борди.

Вилоят суди раисининг ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Адҳамжон Мирзаевнинг қайд этишича, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 3 минг 51 шахсга нисбатан 2 минг 386 жиноят иши кўрилиб, шундан 2 минг 339 нафарига нисбатан 1 минг 718 ҳукм чиқарилган. Бундан олти шахсга нисбатан бешта жиноят иши оқлов ҳукми билан, 9 нафар шахсга нисбатан 9 жиноят иши айбланувчига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси татбиқ этиш билан тугатилган. Инсонпарварлик тамойилига асосан жорий йилнинг биринчи ярмида судлар томонидан 9 иш бўйича 10 киши оқланган. Бундан ташқари, 218 шахс қилмишидан пушаймон бўлганлиги, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплагани учун суд залидан озод қилинган.

– Шу йилнинг ўтган олти ойида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 17 минг 498 фуқаролик иши кўрилди. Мазкур ишлар сони 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 22 минг 394 тага камайган бўлса, чиқарилган суд буйруқлари 19 минг 196 тага ошган, – дейди Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Муяссар Султонова. – Ҳисобот даврида 5 минг 702 нафар хотин-қизнинг уй-жой, меҳнат, мерос ва бошқа йўналишлардаги бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Вилоят маъмурий суди раиси Зарифахон Қурбонованинг таъкидлашича, шу йилнинг биринчи ярмида 510 оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар кўрилган. Шундан 243 иш бўйича мурожаат қилувчиларнинг талаблари қаноатлантирилиб, уларнинг ҳуқуқлари тикланиши таъминланган. Фуқароларнинг қонуний манфаатларини бузадиган ҳолатларга йўл қўйган маҳаллий давлат идораларининг мансабдор шахсларига нисбатан жами 176 хусусий ажрим чиқарилган. Бу ўтган даврга нисбатан 98 тага ёки икки баравар кўпайган. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бугунги куннинг энг асосий масалаларидан ҳисобланади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА