Фитосанитар хавфсиз маҳсулот етказиш борасида ҳамкорлик кўлами ошмоқда
Ўзбекистон кўплаб давлатлар билан фитосанитар хавфсиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ва импортига оид ҳамкорлик кўламини кенгайтирмоқда.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Россиянинг Федерал ветеринария ва фитосанитария назорати хизмати – Росселхознадзор мутахассислари иштирокида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида карантин назорати ўтказилишининг янгича механизмини ишлаб чиқиш борасида фикр алмашилди. Асосий эътибор халқаро савдо қоидаларига мувофиқ фитосанитар хавфсиз маҳсулотларни етиштириш ва экспортини амалга оширишга қаратилди.
Эндиликда экин майдонлари ва боғлар фитомониторинги кучайтирилиб, маҳсулот етиштирувчиларга экспортга оид янгиланаётган талаблар етказилади, дейилади Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумотида. Учрашувда экин майдонлари ва боғларнинг фитосанитар ҳолатини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган мунтазам ўрганишлар, фитомониторинг натижалари автоматлаштирилган тизимда умумлаштирилиши, экспортга йўналтирилган маҳсулотларнинг лаборатория таҳлиллари натижалари ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Мулоқотда экспорт бўлган маҳсулотларда карантин аҳамиятига эга объектлар аниқланган тақдирда қўшимча ўрганишлар олиб борилиши ва тегишли чоралар кўрилишига келишиб олинди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА