Фахрийлар мақомини олганлар солиқ ва пенсия имтиёзларидан фойдаланиши мумкин
Парламент қуйи палатаси мажлисида “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳада фахрийлар ҳуқуқлари билан боғлиқ қонуности ҳужжатларида тарқоқ ҳолда бўлган ҳуқуқий нормалар жамланиб, яхлит қонун ҳолатига келтирилмоқда.
Хусусан, лойиҳа билан фахрийлар мақоми, тоифалари ҳамда бу соҳада масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари белгиланмоқда. Шунингдек, фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, имтиёз ҳамда кафолатлари мустаҳкамланмоқда.

Эндиликда бирор бир соҳа, тармоқ ёки касбда узоқ йиллар мобайнида виждонан намунали меҳнат қилиш орқали давлат ҳамда жамият эътирофига сазовор бўлган жисмоний шахсларга фахрий мақоми берилади. Собиқ ССР ва Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари, орден ва фахрий унвонлари билан тақдирланганлар фахрий унвонини олиши мумкин. Шунингдек, мамлакат суверенитети, тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган ҳарбий соҳа вакиллари ва мазкур қонун ҳужжатида акс этган бошқа вакиллар фахрий мақомига сазовор бўлиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Фахрий мақомини олган фуқаролар ижтимоий жиҳатдан ҳимоя, солиқ ҳамда пенсия имтиёзларидан фойдаланиш каби бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади.
Хусусан, санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволанишлари мумкин. Уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация тўловларини олиш, шаҳар транспортида бепул юриш, ҳаво ва темир йўл чипталарида чегирмалар, давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш каби бир қатор имтиёзларга эга бўлади.

Шунингдек, фахрийлар соғломлаштириш муассасаларида дори воситалари билан имтиёзли таъминланади. Маданият ва кўнгилочар муассасалар — спорт, театр, моддий маданий мерос объектлари ҳамда музейларнинг пулли хизматларидан имтиёзли фойдаланиши мумкин.
Шу билан бирга, лойиҳада алоҳида мақомга эга фахрийлар тоифаси аниқлаштирилмоқда.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида бир қатор таклифлар асосида ҳужжат янада такомиллаштирилди. Жумладан, “уруш фахрийлари” атамаси халқаро тажрибада қўлланилмагани боис чиқариб ташланмоқда.
Муҳокамаларда таъкидланганидек, фахрийларнинг ҳуқуқлари, уларга бериладиган барча имтиёз ва кафолатлар қонун билан мустаҳкамланиб, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имконияти янада кенгаяди.
Мажлисда депутатлар томонидан лойиҳа юзасидан айрим эътироз ва саволлар билдирилди. Ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси масъул қўмита томонидан такомиллаштириладиган бўлди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА