Фармацевтика корхоналари вакилларининг Ўзбекистондаги тартиб-таомиллар бўйича хабардорлиги оширилди
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида Ҳиндистон фармацевтика корхоналари вакиллари, ариза берувчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ишлаб чиқарувчиларда GMP (Зарур ишлаб чиқариш амалиёти) талаблари асосида инспекция ўтказиш тартибларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази раҳбари иштирокида ташкил этилган тадбирда офлайн ва онлайн форматларда 100 га яқин иштирокчи қатнашди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, тегишли ҳужжатларни тақдим этиш ва экспертизадан ўтказиш жараёнларига оид талабларни тушунтириш, шунингдек, GMP инспекциясини ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари бўйича иштирокчиларнинг амалий саволларига жавоб беришдан иборат бўлди.
Тадбир давомида Марказ мутахассислари томонидан дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни, ҳужжатларни расмийлаштириш ва тақдим этиш, экспертиза босқичлари ҳамда белгиланган талабларга риоя этиш масалалари юзасидан маълумотлар берилди. Шунингдек, Зарур амалиётлар маркази вакиллари GMP инспекциясига тайёргарлик кўриш, инспекцияни ўтказиш тартиби ва ишлаб чиқарувчилар томонидан бажарилиши лозим бўлган талабларни тушунтирди.
Семинар доирасида иштирокчилар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларни қизиқтирган саволлар муҳокама қилинди. Амалиётда учраётган масалалар юзасидан тушунтиришлар берилиб, ариза берувчилар ва ишлаб чиқарувчиларнинг таклифлари тингланди.
Бундай учрашувлар хорижий фармацевтика корхоналари вакилларининг Ўзбекистондаги тартиб-таомиллар бўйича хабардорлигини ошириш, давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази соҳа иштирокчилари билан очиқ мулоқотни давом эттириш, белгиланган талаблар юзасидан зарур тушунтиришлар бериш ва аҳолини сифатли, хавфсиз ҳамда самарали дори воситалари билан таъминлашга қаратилган ишларни изчил давом эттиради.
М.Қосимова,
ЎзА