Фаоллик фазилати
Мунавварларимиз
Ўзбекистонимизнинг таниқли сўзшуносларидан бири, таржимон, моҳир педагог, филология фанлари доктори, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 20 йил”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 30 йил”, “Биринчи даражали меҳнат фахрийси” кўкрак ҳамда “Зарафшон” газетасининг 100 йиллиги” эсдалик нишонлари соҳиби, Турон Фанлар академиясининг академиги Ибодулла Камолович Мирзаев ҳақида ўйлаганда кўнгилдан шундай фикрлар кечдики, келинг, аввал шуни баён қилай.
...Тошкент – Бухоро поездида кетилаётган эди. Докторант йигит билан бир купега тушиб қолибмиз. Ишларидан гапирди. Портфелидан учта мақоласини чиқариб кўрсатган бўлди. Кўриб, биттасини танладим-да: “Камина “Нақшбандия” журналининг бош муҳарририман. Шу мақолангизни чиқариб берамиз”, – дедим. Қувониб кетди. Аммо бу хурсандчилиги узоққа бормади. Журналимиз Олий аттестация комиссияси (ОАК) рўйхатига киритилмаганини эшитиб, мақоласини қайтариб олса бўладими! Чунки диссертациясини ёқлаши учун ОАК рўйхатидаги журналда камида иккита мақола чиқариши керак-да. У бу мақолаларини халқ ўқиши учун битмаган. Улар диссертациясини ёқлаши учунгина хизмат қилса, бўлди унга. Ундан у ёғи бу йигитни мутлақо қизиқтирмайди. Кейин бир ўқув қўлланмаси ёки дарсликча чиқариб, доцент бўлиб олади. Хуллас, у фақат ва фақат илмий даража ва унвон олиш учунгина ёзади, вассалом.
Бу йигит – тадқиқотчилар орасида яккаю ягона, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Кўп. Ярмидан ҳам кўп. Тўртдан учидан ҳам кўп бўлса, ажаб эмас... Албатта, муқаддас динимизда: “Ҳаммаси – ниятга боғлиқ”, – деган қараш бор. Бунақалар тезроқ фан номзоди (ёки фалсафа доктори), доцент, фан доктори, профессор ҳам бўлади. Бўлаверсин ҳам. Қандини ҳам урсин. Афсуски, уларнинг аксарияти ана шу илмий даража ва унвон учун ёзганидан ташқари нарсаси билан элга танила олмайди.
Бироқ шундай олимлар борки, улар қайси мавзуда номзодлик (ёки фалсафа доктори) қайси мавзуда докторлик диссертациясини ёқлаганини ҳам билмайсиз. Халқ учун шундай кўп илмий маҳсулот яратадики, у ёки бу диссертацияси улар орасида тадқиқотларидан биригина бўлиб қолади, холос. Бундайлар учун илмнинг ўзи – кўпроқ қизиқ, фойдали фаолият – муҳимдан-муҳим. Қайси китоби кетидан қандай нақд фойда келиши эса бош масала эмас. Яхши билишадики, яратилган ҳар қандай чинакам илмий тадқиқотнинг ўз тақдири, ўрни ва аҳамияти, табиийки, муаллифига келтирадиган шон-шарафи бўлади. Чунки ҳар бир ишнинг баҳосини эл беради. Чунки илм халқ учун хизмат қилиши керак.
Ўзи илм кишисининг ҳаёт йўлини бир нафасдаёқ айтиб ўтиш мумкин. Чунки баҳо беришнинг таппа-тайёр мезонлари шаклланган. Қаерда ўқигани, устозлари, ёқлаган диссертациялари, бошқа илмий-методик ишлари, педагогик фаолияти, шогирдлари ва ҳоказоларни санайсиз, манзара ойдинлашади-қолади.
Қаҳрамонимиз 1946 йил 2 январида Сурхондарё вилоятининг ҳозирги Қумқўрғон туманида туғилган. Самарқанд давлат университети (1962 – 1967), ҳозирги Санкт-Петербург давлат университети аспирантураси (1971 – 1974) ва докторантурасида (1987 – 1989) таҳсил олган. Санк-Петербургда номзодлик (1975), Тошкентда (1992) докторлик диссертациясини ёқлаган.
Олим ўзи ишлаётган СамДУ “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедрасида илмий таржима лабораториясига асос солди. У атоқли шарқшунос, собиқ Иттифоқ ФА мухбир аъзоси, профессор Е. Э. Бертельснинг “Навоий ва Жомий” монографияси, “Навоий ва Аттор” рисоласини ўзбек тилига ўгирди. Очиғи, бугун мумтоз ўзбек адабиётини тадқиқ этаётганлар сони кўпайгандан кўпайиб боряпти. Аммо улар орасида рус тилини пухта-пишиқ билмайдиганлари ҳам – анчагина. Е. Э. Бертельснинг бу асарларини ўқимай туриб навоийшуносликка киришишни эса тасаввурга келтириб бўлмайди. Бундан буён рус ва бошқа хориж навоийшуносларининг барча муҳим илмий асарларини ўзбек тилига ўгиришимизга тўғри келади. Акс ҳолда улардан унумли фойдаланиш имконияти камайиб кетади.
Таниқли рус тилшуноси В. Г. Гакнинг “Француз тили назарий грамматикаси”, “Рус ва француз тилларининг қиёсий типологияси” дарсликларини ўзбек тилига, Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” рисоласини француз тилига таржима қилди. У Н. Некрасов, Н. Гумилев, А. Вознесенский, С. Есенин, В. Висоцкий каби рус, Ги де Мопассан, А. Камю, Г. Апполинер, Э. По сингари француз ва инглиз шоир ҳамда ёзувчиларининг асарларини ўзбекчалаштирган. Шунингдек, ўзининг “Талпиниб яшадим сенга, Қуёшим”, “Нурлар оғушида” номли шеърий ва насрий асарлар тўпламлари чоп этилган.
Буюк қозоқ адиби Абай Қўнанбоевнинг “Қора сўз” асарини профессор Қозоқбой Йўлдошев билан ҳамкорликда ўзбек тилига таржима қилди. Бундай савоб ишлар туркий халқлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, адабий алоқаларнинг янада юксалиши, орадаги дўстлик ва яқин ҳамкорлик ришталарининг мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта. Асар икки марта (2018, 2020) чоп этилди. Кейинги нашрга Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмард Тўқаевнинг “Абай ва ХХI асрда Қозоғистон” сарлавҳали мақоласи сўзбоши ўрнида берилган.
Олимнинг жами 19 монография, 8 дарслик, 12 ўқув ва услубий қўлланма, 600 дан зиёд илмий мақоласи чиққан, у 10 дан ортиқ дастур тузган. Унинг доцент М. Болтаев билан ҳамкорликда ёзилган “Ўзбек тили” дарслиги республика кўрик-танловида фахрли иккинчи ўринга муносиб топилган.
Унинг ташаббуси билан 1997 йили СамДУда “Филология” илмий тўпламини чоп этиш йўлга қўйилди. Унинг 13 жилдига ўзи масъул муҳаррирлик қилди. У, шунингдек, ОАК рўйхатига киритилган “Алишер Навоий” ва “Tил. Taълим.Таржима” халқаро электрон журналларига асос солди.
Ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлган ҳар қандай олим меҳнатидан жамият самарали фойдаланади. Профессоримиз кўп йиллардан бери Тошкент давлат шарқшунослик университети, Термиз давлат университети, Денов тадбиркорлик ва педагогика институти, Навоий давлат университети, Қарши давлат университети, Жиззах давлат педагогика университети, Самарқанд давлат педагогика институти, Каттақўрғон педагогика институтида фан ва таълимнинг долзарб масалалари бўйича маърузалар ўқиб келмоқда. Шунингдек, у Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат университети, Бухоро давлат университети ҳузуридаги Илмий кенгашлар, Бухоро давлат университети, Қарши давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Самарқанд давлат педагогика институтидаги Илмий кенгашлар ҳузуридаги Илмий семинарлар аъзоси, ҳозирги Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси эксперт кенгаши аъзоси сифатида фаолият кўрсатган.
Унинг илмий маслаҳатчилигида 12 фан доктори, илмий раҳбарлигида 22 фан номзоди ва фалсафа доктори ҳамда 100 дан ортиқ магистрлик диссертацияси ҳимоя қилинган.
Айрим тилчиларимиз адабиётдан, баъзи адабиётчиларимиз эса тилдан узоқроқ бўлади. Олимимизда иккисини ўзаро яқин кўриш, ўртага “хитой” девори қўймаслик бор. Бу эса унга лингвопоэтика йўналишида тадқиқотлар олиб бориш имконини берган. Албаттаки, бунда икки соҳани ҳам яхши билиш тақозо этилади. Лингвопоэтикада бадиий матн ҳам тил, ҳам адабиёт ҳодисаси сифатида ўрганилдими, ўз-ўзидан, энди асарда шакл ва мазмун уйғунлиги масаласи ойдинлаштирилади.
Фанлар ёки уларнинг соҳалари туташганда синтез юзага келади. Чоғиштирма тилшунослик, қиёсий адабиётшунослик, таржимашуносликнинг хоҳ тил, хоҳ адабиёт йўналишларида ҳам айнан ана шундай кўпқирралилик юзага чиқади. Олимимизнинг, она тилимиздан ташқари, тожик, рус, француз, инглиз тилларини билиши унинг илмий фаолиятида диапозон кенглигини таъминлаб келяпти. Тил билиш – инсон учун жуда катта бойлик. Лекин тил билиш билан тил билишнинг орасида Ер билан осмонча фарқ бор. Ўзга бир лисонни ундаги матнни таржима қилиш даражасида билиш юксак профессионаллик талаб қилади.
Энг муҳими, қаҳрамонимиз – ўта фаол олимларимиздан. Келинг, камида, унинг кейинги тўрт-беш йилдаги фаолиятига бир назар ташлайлик.
Г. Т. Нурова билан ҳамкорликда ёзган “Россияда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши” (М и р з а е в И. К., Н у р о в а Г. Т. Изучение жизни и творчества Алишера Навои в России. Авторизованнный перевод с английского языка. – Минск: Альфа-книга, 2022) монографиясининг аҳамияти шундаки, бу масала ҳозиргача монографик тарзда тадқиқ этилмаган эди. Ҳолбуки, бу буюк ўзбек шоири ва мутафаккири ҳаёти ва ижодини ўрганишда рус олимларининг ҳиссаси – жуда катта. Очиғини айтганда, шоир ижоди намуналари дунёнинг ҳеч бир тилига ҳали русчага ўгирилгани даражасида таржима қилингани ҳам йўқ. Таваллудиининг 525 йиллиги (1968) муносабати билан Тошкент рус тилида унинг “Асарлар”и 10 жилдлиги чоп этилган.
Мазкур монография, “Кириш”, “Хулоса”, “Библиография”дан ташқари, “Буюк ўзбек шоири, мутафаккири ва давлат арбоби Алишер Навоий Россия шарқшунослигида”, “Россияда навоийшуносликнинг минтақавий соҳалари” ҳамда “Россия навоийшунослигининг мунозарали масалалари” деб номланган уч бобдан ташкил топган.
Бу китоб – бундан буён Афғонистон, Озарбойжон, Туркия, Туркманистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатларда Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишни ана шундай моногрфик асосда ўрганиш учун ўзига хос бир йўналишни бошлаб бергани билан диққатга сазовор.
И. Мирзаев, М. Нарзиева ва М. Убайдуллаеваларнинг “Филологик таҳлил асослари” (Toshkent: Bookmany print, 2024) дарслиги орқали филолог талабаларда матн ва унинг ўзига хос хусусиятлари, бадиий асарни лисоний-поэтик жиҳатдан тўғри таҳлил ва талқин қила олиш малакасини шакллантиришга хизмат қилади. Китоб “Муқаддима” ва “Фойдаланилган адабиётлар рўйхати”дан ташқари, “Назарий қисм”, “Амалий қисм” ва “Бадиий матн таҳлилларидан намуналар”га бўлинган. Дастлабки икки қисмда жами 18 дарс мавзуси ёритилган.
Филология, биламиз, тилшунослик ва адабиётшуносликка бўлинади. Бироқ бадиий матн таҳлили кишидан ҳам тилшунос, ҳам адабиётшунос бўлишни тақозо этади. Фаннинг бу синтетик йўналиши “лингвопоэтика” дейилади. Ибодулла домла мамлакатимиздаги ана шу йўналишнинг кўзга кўринган вакилларидан бири ҳисобланади.
Олимнинг “Таҳлилий ўқиш” (Toshkent: Bookmany print, 2025) дарслиги ҳам айнан лингвопоэтика соҳасига бағишланган. Бу нашрда матнни тилшунослик ва адабиётшунослик ютуқлари асосида таҳлил қилиш намуналари берилган. Ундан талабалар филологиянинг ана шу икки асосий йўналиши бўйича назарий ва амалий билимлар олади. Қўшимча ўқиш учун китобга тайёр материаллар ҳам илова қилинган. Ҳозирги пайтда шу дарслик асосида СамДУ ва унинг Каттақўрғон филиалида, ТерДУ, ТерДПИ, Денов ДТПИ дарс машғулотлари ўтказилмоқда.
Ўтган йили олим Владимир Григорьевич Гакнинг “Француз ва рус тилларининг қиёсий типологияси” монографиясини ўзбек тилига ўгириб, қайта ишланган учинчи нашрини чиқарди (Тошкент: Bookmangu print, 2025). Қиёсий тилшунослик мутахассислари учун бу жуда муҳим дастур ил-амал ҳисобланади.
Олим бадиий таржимага ҳам қўл урди. ХХ аср француз адиби А. Дотелнинг “Ўрмон ёғдуси” романи унинг таржимасида ўзбек тилида чоп этилди (Toshkent: Bookmangu print, 2025). Асарда Франция ўрмонларини асраб-авайлаш мавзуси кўтарилган.
Хуллас, СамДУнинг “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраси шундай профессори билан ҳар қанча фахрланса, арзийди.
Психологияда: “Режасизлик қариликни кучайтиради”, – деган қараш мавжуд. Ахир, куни фаоллик билан ўтаётган кишининг қариликни ўйлашга вақти қолмайди-да. Ибодулла домла шу кунларда яқинда ёзиб тугатган, янгича қарашларга бой бўлган 30 босма табоқли “Ўзбек тилининг назарий грамматикаси” китобини нашр эттириш ташвишлари билан елиб-югуриб юрибди. У ўқиган, бир умр меҳнат қилиб келаётган университет эса 11-12 сентябрь кунлари домла таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган “Тилшунослик, таржимашунослик ва лингводидактиканинг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро илмий-назарий анжуманга катта ҳозирлик кўрмоқда. Ахир, унга иштирок этиш учун, мамлакатимизнинг таниқли-таниқли олимлари билан бирга, хориждан ҳам кўп меҳмонлар келиши кутиляпти.
Фаоллик фазилати Сизни ҳеч қачон тарк этмасин, Ибодулла устоз!
Умрингиз янада узоқ бўлсин!
Илм-маърифат йўлида халққа сидқидилдан хизмат қилишдан асло чарчаманг!
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари доктори, Тошкент амалий фанлар университети профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими