Факторинг хизматлари ривожлантирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистонда факторинг хизматлари бозорини ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича тақиқни бузганлик учун жавобгарликни бекор қилиш, мижознинг контрагенти норезидент бўлганда факторинг операцияларини хорижий валютада амалга оширишга рухсат бериш, пул талабномасидан воз кечиш тўғрисидаги хабарномаларни гаров реестрида рўйхатга олишни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳада тадбиркорлик субъектларига факторинг хизмати кўрсатишга ихтисослашган факторинг ташкилотларини ташкил этиш, Факторинг ташкилоти фаолиятини нобанк кредит ташкилоти сифатида реестрга киритиш ва унинг фаолиятини Марказий банк томонидан тартибга солиш белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси билан пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи нормалар киритилмоқда. Пул талабномасидан воз кечиш тўғрисидаги хабарномани гаров реестрида рўйхатга олиш тартиби ўрнатилмоқда. Мижознинг контрагенти норезидент бўлганда факторинг операцияларини чет эл валютасида амалга ошириш учун рухсат беришга, шунингдек, молия агентлари ҳамда қарздорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилмоқда.
Таъкидландики, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда факторинг хизматларини амалга оширишнинг халқаро амалиётга мос қонунчилик базаси яратилишига хизмат қилади. Бу эса тадбиркорлик субъектларининг молиявий хизматлардан кенг фойдаланишга бўлган талабини қондириш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларидан бири бўлади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА