Европа кубогида Нодирбек Ёқуббоев жамоаси кумуш медалга сазовор бўлди
Черногориянинг Будва шаҳрида шахмат бўйича 108 та жамоа иштирокида клублар ўртасида ўтган Европа кубоги кутилган ва кутилмаган вазиятларга бой бўлди.
Жаҳон шахмат ишқибозлари диққат марказида бўлган турнирда маҳоратли шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Ёқуббоев кўҳна қитъа клублари сафида дона сурди.

Европа кубогининг сўнгги 7-тур баҳсида Нодирбек Абдусатторов етакчилигидаги “SuperChess Romania” жамоаси Аниш Гери сардорлигидаги “Bayegan Pendik Chess Sports Club” аъзолари билан куч синашди.
Ушбу жамоалар қарама-қаршилигидаги ўйинда Абдусатторов азалий рақибларидан бири Аниш Гири билан 1-тахтада рўбарў келди.

6 нафар жуфтлик ўртасидаги шиддатли баҳсда Нодирбек Абдусатторов қора доналарда кичик хатолик эвазига Гирига имкониятни бой берди. Ўз навбатида Гири жамоаси “Bayegan Pendik Chess Sports Club” 3,5:2,5 ҳисобида устунликка эришиб, 13 очко билан 1-ўринни эгаллади.

Нодирбек Ёқуббоевнинг “Novy Bor Chess Club” жамоаси охирги турда Пранав сардорлигидаги “Elektroprivreda” клубига қарши кечган ўйинда 4,5:1,5 кўринишида ғалабага эришди ва ҳақли равишда 13 очко тўплаб, 2-ўринни банд этди.
6-тургача Европа кубоги-2026 мусобақасида турнир жадвалини бошқариб келган ва охирги учрашувда муваффақиятсизликка учраган “SuperChess Romania” вакиллари 41-бор ўтказилган жаҳон кубоги баҳсини 4-ўринда якунлади.
Т. Рўзиев, ЎзА