Европа бозори учун маҳаллий тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Андижон вилояти Улуғнор туманида Европа бозори учун маҳаллий уй тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур ташаббус мамлакат тўқимачилик саноатининг экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу лойиҳа Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Корстан Файбер” МЧЖ ва Туркиянинг “Prestige Group” компанияси ҳакорлигида амалга ошириляпти. Ҳозирги кунда қурилиш ва реконструкция ишлари якунланиш арафасида бўлиб, корхонага замонавий ускуналарни ўрнатиш ишлари жадал давом этмоқда.
Жумладан, кўрпа тикиш учун махсус ускуналар ўрнатилган, қўшимча равишда яна 50 дан ортиқ замонавий тикув машиналари олиб келинмоқда. Бу эса ишлаб чиқариш қувватини сезиларли даражада ошириш имконини беради.
Лойиҳа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, корхонада экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, Европа бозорига етказиб берилади.
Айни пайтда корхонада кўрпа-ёстиқ, чойшаб тўпламлари ва бошқа уй тўқимачилик маҳсулотлари намуналарини тайёрлаш ишлари олиб борилаётир. Маҳсулотларнинг сифати ва дизайни халқаро талаблар асосида шакллантирилиб, хорижий бозорларда рақобатбардошлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки Ўзбекистон тўқимачилик саноатини халқаро майдонда кенг танитиш ва экспорт географиясини янада кенгайтиришда муҳим ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА