Ердан кўкка ўрлаган "ёмғир"
Осмон мусаффо. Унинг бағрида бир парча ҳам булут йўқ. Қуёш эса атрофга тафтли нурларини сочиб, ерни тандирдай қиздирмоқда. Ана шундай жазирамада кутилмаган “ёмғир” ёғди. У табиатнинг инъоми эмас, бу катталарнинг болаларга аталган ажойиб совғаси эди.
Жиззах шаҳридаги Olmazor City мавзесида жойлашган болалар ўйин майдончасида Фавқулодда вазиятлар бўлимига қарашли махсус сув сепиш техникаси ишга туширилди. Бир зумда фавворадек кўкка отилган муздек сув томчилари майдон ва ундаги болажонларнинг устига ёмғирдек ёғилди.

Кимдир қўлларини кенг ёзиб, томчиларга тутди, кимдир эса шодлигидан рақсга тушди. Бир сўз билан айтганда, барча болаларнинг қувончлари чексиз эди.

Ёзги таътил — болаларнинг энг севимли фасли. Бироқ ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган кунларда уларнинг бўш вақтини мазмунли ва хавфсиз ташкил этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Ана шу мақсадда ташкил этилган мазкур ташаббус нафақат майдончадаги сунъий қоплама ҳароратини пасайтирди, балки болаларга очиқ ҳавода бемалол ўйнаш, югуриш лаҳзаларни тақдим қилди.

Мутахассислар таъкидлашича, экстремал иссиқ инсон организми, айниқса, болалар учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис соя-салқин жойларда дам олиш, етарлича сув истеъмол қилиш, очиқ қуёш остида узоқ қолмаслик каби тавсиялар бугун ҳар бир ота-она учун муҳим аҳамият касб этмоқда.

Синоптиклар маълумотларига кўра, айни кунларда республикамизда ҳаво ҳарорати 43–45 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Бундай вазиятда аҳоли, айниқса, болалар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ҳар бир амалий чора нафақат долзарб, балки заруратга айланади.
Энг муҳими, бу ташаббус болаларга бир неча дақиқалик завқ улашиш билангина чекланмади. Балки уларнинг юракларига яна бир қувончли саҳифа, унутилмас хотирани муҳрлади.
<iframe width="356" height="634" src="https://www.youtube.com/embed/ZaZVib2IrUw" title="Jaziramadagi suyukli “yomg‘ir”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдужалол Қаюмов (видео), ЎзА мухбири