Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари – мутахассислар нигоҳида
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида “Ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув тежамкорлигини яхшилашнинг истиқболли ечимлари” мавзусида семинар ўтказилди.
22 апрель – Бутунжаҳон ер куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, университет профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Парламент қуйи палатасидаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари, депутатлар Зебинисо Раҳмонова, Қизларгул Қосимова ва бошқалар мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ер ресурсларини асраш ва улардан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борадаги қонунчилик ҳақида сўз юритди.

– Ер ва сув ресурсларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва уларни бошқариш биологик хилма-хилликни сақлаш, сув сифатини яхшилашга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Самарқанд вилояти ташкилоти раҳбари Хўжақул Муҳаммадиев. – Бугунги глобал экологик мураккаб вазиятда бу жуда муҳим. Шу сабабли кейинги йилларда мамлакатимизда бу борадаги қонунчилик тубдан такомиллаштирилиб, экология соҳасида бошқарув тизими ўзгарди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилиб, унинг ҳуқуқ ва ваколатлари ошди. Айни пайтда партиямиз мазкур қўмита билан ҳамкорликда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

Семинарда Ўзбекистонда ер ва сув ресурсларининг ҳуқуқий асослари ва халқаро тажриба, атроф-муҳит муҳофазасида амалий ёндашувлар ва жойлардаги муаммолар, Зарафшон воҳасида сув ресурслари тақчиллиги шароитида сувни тежаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ер ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг илмий асослари, сув ресурсларини бошқаришнинг замонавий концепциялари каби масалалар юзасидан маърузалар тингланди.

Тадбир давомида қонун ижодкорлари ва соҳа вакиллари томонидан бу борадаги ишларни янада кучайтириш, экологик барқарорликни сақлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди
Семинар доирасида иштирокчилар “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати асосида университет ҳудудида дарахт кўчатлари ўтқазди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари