Энг катта бойлик бу – ишчи-ходимлар
“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ишчи-ходимлари, пенсионерларни бирлаштирган НКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши ишчи-ходимлар ижтимоий ҳимоясига биринчи даражали вазифа сифатида қараб келмоқда. 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни муносабати билан ЎзА мухбири ушбу Кенгаш раиси Исроил Раҳматов билан суҳбатлашди.
– Мамлакатимизда давом этаётган шиддатли ислоҳотлар натижасида ҳаётимиз ўзгармоқда. “Инсон қадри учун” тамойили жамиятда ўз ифодасини топиб, Янги Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳар бир юртдошимизга шукроналик бағишламоқда. Мана шундай туйғулар бугун кўп минг кишилик жамоамизнинг ҳар бир аъзоси қалбида, ҳаётида намоёндир. Шу боисдан ишчи-ходимларимиз учун қайғуриш раҳбариятлар билан биргаликда касаба уюшмаси Кенгашининг биринчи даражали вазифасидир. Зеро, мана шундай паллада юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшиш, зиммамизга олган вазифаларни ситқидилдан бажариш, янги марраларни забт этиш ва хайрли ишларни амалга ошириш ҳар биримиз учун юксак масъулият ва шарафдир.
Маълумки, “НКМК” АЖ йилдан-йилга барқарор ва жадал ривожланиб бормоқда. Буни эришилган натижалар, аниқ рақамларда яққол кўриш мумкин. Биргина, шу йилнинг ўтган ўн ойида 47,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилгани, маҳсулот ишлаб чиқариш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,5 фоизга ошгани фикримизга яққол мисолдир.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, НКМК фаолиятида инвестицион лойиҳаларнинг аҳамияти беқиёс. Бунинг ҳисобига корхона борган сари ривожланиб, юксалиб бормоқда. Кейинги йилларда Инвестиция дастури доирасида 17 та муҳим ва йирик объект фойдаланишга топширилди. Бунинг ҳисобига 12 мингга яқин янги иш ўрни яратилгани ҳам жамоа ютуқлари, амалга оширилган ишлар кўламидан дарак беради. Албатта, бунда касаба уюшмаларимиз ходимлари ҳам улар билан бир сафда корхонамиз ривожида фидокорона меҳнат қилиб келмоқда. Худди шунингдек, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ҳам мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳасида ўз ўрнига эга субъектлардан ҳисобланади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда НКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши ўзининг 20 та бошланғич ташкилоти ва 79 минг нафар аъзосига эга. НКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши, унинг бўлинмалардаги қўмиталари томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар, жумладан, меҳнат муҳофазаси, аъзоларимиз ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш, уларни соғломлаштириш ва бошқа масалаларда фаол қатнашиб келмоқда. Чунки, ишчи-ходимларимиз комбинатнинг асосий бойлиги ҳисобланади.
[gallery-9519]
Комбинат маъмурияти ва касаба уюшма Кенгаши ҳамкорлигида бўлинмаларда меҳнат муҳофазаси юзасидан билим даражаларини ошириш мақсадида, ишчи-ходимлар улар ўртасида ҳар йили “Ишнинг энг яхши ташкилотчиси ва меҳнат муҳофазаси бўйича қонун ва қоидалар билимдони”, меҳнат муҳофазаси вакилларини рағбатлантириш учун эса “Йилнинг энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили” кўрик-танловлари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантириб келинмоқда.
Бундан ташқари, ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари ва пенсионерларни соғломлаштириш муҳим йўналишларимиздан биридир. Кейинги беш йилда санаторий, пансионат ва дам олиш масканларида 67,8 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилди. Шунингдек, ходимларимизнинг Ялта, Кисловодск, Қирғизистоннинг Иссиқкўлдаги санаторийларда дам олиши ва соғломлаштириши ташкил этилди.
Яна бир йўналишларимиздан бири бу – фарзандларимизни ёзги таътил вақтида соғломлаштиришдир. 2017-2022 йилларда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасасида ишлаётган 41 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимларимиз фарзандлари, шунингдек, сўнгги беш йилликда 7 минг нафардан зиёд болалар уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган ва кўп болали оилалар ўғил-қизлари, ногиронлиги бўлган болалар ҳомийлик сифатида мамзмунли ҳордиқ чиқаришди.
Касаба уюшмаси тасарруфида кам таъминланган ва пенсионерларимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш учун “Бирдамлик” фонди ташкил этилган. Ҳар йили минглаб ҳамкасбларимизга беғараз ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, 2017-2022 йилларда 3 минг нафарга яқин кам таъминланган, ёлғиз пенсионерлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимларга 4,2 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда моддий ёрдам кўрсатилгани бунинг исботидир.
Албатта, комбинатимизда спорт-соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш асосий вазифаларимиздан бири, десам янглишмайман. Бугунги кунда 12 минг нафар ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Тўрт минг нафарга яқин болалар спорт секцияларида қатнашмоқда.
Бугун барча корхоналарда замонавий ўйингоҳлар, сузиш бассейнлари, спорт саройи, жисмоний тарбия-соғломлаштириш мажмуалари, 90 та зал фаолият кўрсатмоқда. Шимолий кон бошқармасининг “Довгизтов” кони, “Кончи” профилакторийсида, шунингдек, Марказий кон бошқармаси ва Зарафшон қурилиш бошқармасининг ҳар бирида иккитадан сунъий қопламали мини-футбол майдонлари фойдаланишга топширилди.
Спорт иншоотларимизда йил давомида турли спорт турлари бўйича халқаро, республика, вилоят, шаҳар мусобақалари, жисмоний тарбия жамоалари биринчиликлари ўтказилиб келинмоқда. “Ҳаёт учун югуриш”, “Ҳар ҳафтада марафон”, “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи” марафонлари, ҳафтанинг ҳар шанба куни “Саломатлик учун беш минг қадам” ва оммавий югуриш марафонлари шулар жумласидандир.
Жорий йил “Сўғдиёна” жисмоий тарбия ва спорт клуби базасида 6 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ ҳисобига гандбол спорт зали Наврўз байрами арафасида спортчиларга байрам туҳфаси сифатида топширилди.
Бугунги кунда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ишчи-ходимлари ва уларнинг оилалари аъзолари учун 7 та маданият муассасаси фаолият олиб бормоқда. Бу муассасаларда 170 дан ортиқ бадиий жамоалар ва тўгараклар ташкил этилган бўлиб, улардан 26 таси “Халқона” ва “Намунали”, деб тан олинган. Айни пайтда ушбу масканларда минглаб истеъдодлар ўзининг иқтидорларини намоён этиш йўлида маҳоратини оширмоқда.
Бадиий жамоалар бир неча маротаба республика ва халқаро танловлар ғолиблари сафидан ўрин олган. Улар турли мамлакатларда ўтказилган фестиваль ва кўргазмаларнинг доимий иштирокчиси ҳам саналади. Ижодий жамоалар ҳар йили 3,6 мингдан ортиқ маданий тадбирларни ўтказмоқда.
Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Нуробод шаҳарларида умумий миқдори 343 мингдан ортиқ китоб фонди бўлган кутубхоналар мавжуд. Бу зиё масканларига ҳар йили 25,5 минг нафарга яқин китобхон ташриф буюрмоқда. Китобсеварларнинг 8,5 минг нафарга яқинини 15 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Мазкур кутубхоналар учун касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан сўнгги беш йилда 25 минг нусхада 338,5 миллион сўмдан кўпроқ қийматдаги китоблар харид қилинди.
“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ишчи-хизматчилари ва пенсионерларини республикамизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби қадимий ва навқирон шаҳарларига саёҳатлари мунтазам уюштирилмоқда. Жумладан, кейинги беш йилда 11 мингдан ортиқ ишчи-хизматчилар ва пенсионерлар учун туристик саёҳатлар ташкил этилди.
Бир сўз билан айтганда, бугун ҳар бир ҳамкасбимиз нигоҳида ҳаётдан розилик ва эртанги кунга мустаҳкам ишончни кўриб турибмиз. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, кончиларимиз ҳаётнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини ўз ҳаётида кўриб, сезиб турибди. Демакки, бизнинг жамоамизда ҳам ижтимоий соҳадаги ишлар тизимли ташкил этилган, ишчи-ходимларимиз манфаатлари муносиб ҳимоя қилинаётган экан, корхонамизда барқарор ривожланиш ва фаровонлик мустаҳкамланиб бораверади.
Фурсатдан фойдаланиб, касаба уюшмалари ходимларини бугунги қутлуғ байрам билан чин қалбимдан табриклайман.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев суҳбатлашди.