Энг фаол ижтимоий ходимлар сараланмоқда
Ижтимоий соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, уларнинг касбий маҳоратини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили “Энг фаол ижтимоий ходим” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Мазкур танлов Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилиши белгиланган. Шу кунларда эса мазкур танловнинг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтяпти.
Ҳудуд бўйича жами 720 нафар ижтимоий ходим рўйхатдан ўтган бўлиб, бу соҳа вакилларининг юқори фаоллигидан далолат беради. Бугунгача уларнинг 394 нафари иштирок этиб, тест синовлари орқали ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди.

– Жараёнлар тест шаклида ўтказилмоқда. Жавоблар топиш учун 45 дақиқа вақт берилди. Тестнинг 30 та саволи ижтимоий иш бўйича, 5 таси салоҳиятни аниқлашга, 5 таси эса психологик кўникмалар бўйича бўлди. Мазкур саволларга имкон қадар аниқ ва тўғри жавоб беришга ҳаракат қилдим. Эндиликда танловнинг иккинчи босқичида кейс тақдимоти ва суҳбат жараёнида иштирок этамиз. Бундай лойиҳалар нафақат бизга ўз устимизда ишлашда, балки янги билимларни эгаллашда ҳам аҳамиятли бўлмоқда, – дейди Оққўрғон тумани Ҳамзаобод маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Муқаддас Қаҳрамонова.
Танловнинг тест синовлари давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.