Элнинг бирлиги билан бошланган хайрли амаллар бардавом бўлади
Президент ташрифидан сўнг...
Кўкламнинг серёғин куни. Халқимиз шаҳару-қишлоқда кўчат экмоқда. Одамзоднинг яхши амалларига эса фалакнинг ўзи эш бўлаётгандай гўё.
Шаҳар муҳитини табиат билан уйғунлаштириш муҳим масала. Лекин бу осон юмуш эмас. Бунинг учун шу мақсад йўлида кўпчиликнинг ҳамжиҳат ҳаракат қилиши муҳим.

Яшил майдонларни кўпайтириш нимага кераклигини жаҳонда экологик вазият таранглашган бугунги кунда ҳамма яхши билади. Дарахт, ўсимликлар ерни турли салбий омиллардан асрайди. Тупроқ эрозиясининг олдини олади. Қушлар ва майда жонзотлар учун ҳам табиий муҳит зарур.
Боғ ва дарахтзорларни кўпайтириш нафақат экологик, балки ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали. Бу нафақат аҳолига қулайлик яратади, балки шаҳарнинг келажаги учун муҳим. Шу боис, жойларда янги боғлар ташкил этилса кексаю-ёш бирдек суюнади.
Пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги Ийкота, Мажнунтол, Зилола, Роҳат ва Иқбол маҳаллалари орасида – катта йўл бўйида қаровсиз майдон бор эди. Наврўз байрами арафасида шу уч гектарлик ерда яна бир боғ яратилди. Кўчат экишда эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев, давлат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган эди.

– Янги боғга ўрмон концепцияси асосида уч минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. – Кўчатларнинг тутиб кетиши, суғорилиши ва парвариши учун масъуллар тайинланди. Бундай хайрли амалларда элнинг бирлиги, яхши ишга камарбасталиги яққол кўринмоқда. Жорий йилда кўчат экиб, яшиллик яратиш кўлами кенгайди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармойиши билан эълон қилинган долзарб бир ойлик доирасида ҳам маҳаллаларда деҳқончилик ва ободонлаштириш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Баҳорда 125 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган бўлиб, экин жойларини тўғри танлаш, суғоришни яхшилашга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бу каби яшил ҳудудлар тоза ҳаво манбаи бўлиш билан бирга, шаҳарга эстетик кўриниш ҳам беради. Дарахтзорлар ҳудудни гўзаллаштириб, сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун ёқимли муҳит ҳосил қилади. Қолаверса, улар шаҳарнинг инфратузилмасини бойитади. Шу жиҳатдан ҳам ҳудуд аҳолиси бу лойиҳанинг амалга ошаётганидан мамнун.

– Бу боғ ҳудудда яшовчи аҳолига Наврўз байрами учун катта совға бўлди, – дейди Ийкота маҳалласи раиси Зулфиқор Каваев. – Бу ерда қанча одам яшайди, меҳмонлар кўп келади. Биргина бизнинг маҳаллада 37 та кўп қаватли уй ва 1 минг 400 та ҳовлида 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу боғ шу одамлар кайфиятига ҳам кўтаринкилик бағишлади. Янги кўп қаватли уйлар қурилган обод маҳалламизга бундай яшил майдонлар ярашади. Боғнинг униб-ўсишига барча ўз ҳиссасини қўшади. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, йўлаклар ва ички кўчаларимиз таъмирланган. Майдончаларимизга гуллар экилган. Уч қаватли маҳалла идораси ҳам янги. Бир сўз билан айтганда бу обод манзил янада обод бўлмоқда.
Шу ўринда мавзуга доир баъзи рақамларни келтириб ўтиш жоиз. “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили Давлат дастури қабул қилинган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, бу йил кўчатчиликка ихтисослашган ўн саккизта ўрмон хўжалиги ташкил қилинади. Уларда “илм – лойиҳа – амалиёт” тамойили асосида генетик селекция ишлари кучайтирилиб, плантациялар кенгайтирилади. “Яшил олам” платформаси ишга туширилиб, кўчатларни онлайн сотиб олиш йўлга қўйилади.
Бу каби лойиҳаларнинг самарали амалга ошаётгани замирида элнинг бирлиги, мамлакатдаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси баландлиги турибди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА мухбирлари