Электрдан қарз қимматга тушди
Электр энергиясидан фойдаланиш — ҳуқуқ, аммо унинг ҳақини ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир. Бу талабга бепарво муносабат эса молиявий йўқотишлар билан бирга мулкнинг хатланишигача олиб келиши мумкин. Сирдарё вилоятидаги навбатдаги ижро ҳаракати бунинг яққол исботи бўлди.
Сирдарё туманлараро иқтисодий судининг 2026 йил 26 январдаги қарорига асосан “F.S.” корхонасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси фойдасига 50 миллион 835 минг сўм электр энергияси учун қарздорликни ундириш белгиланган. Суд қарори ижросини таъминлаш Мажбурий ижро бюросининг Сайхунобод туман бўлими томонидан амалга оширилди.
Дастлаб қарздорга ижро ҳужжатини ихтиёрий тартибда бажариш учун қонунчиликда белгиланган муддат берилди. Шу билан бирга, талаб бажарилмаган тақдирда қўлланиладиган мажбурий ижро чоралари ҳақида ҳам расмий равишда огоҳлантирилди.
Бироқ белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмади. Шундан сўнг давлат ижрочилари томонидан қарздор корхонага тегишли «Treker» русумли автомашина хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилди.
Кўрилган ушбу чора кутилган натижани берди. Корхона 50 миллион 835 минг сўм қарздорликни тўлиқ қоплади ва ундирилган маблағ “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонасининг ҳисоб рақамига ўтказилди.
Мажбурий ижро бюросида таъкидланганидек, суд қарорлари ва ижро ҳужжатларини ўз вақтида ва ихтиёрий бажариш мулкнинг хатланиши, қўшимча харажатлар ҳамда бошқа ҳуқуқий оқибатларнинг олдини олади. Акс ҳолда қонун талаблари асосида мажбурий ижро чоралари қўлланилиши муқаррар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири