Электрдан ноқонуний фойдаланиб келган фермер хўжалиги аниқланди
"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Сирдарё ҳудудий филиали томонидан электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида тизимли рейд тадбирлари амалга оширилмоқда.
Навбатдаги тунги назорат тадбири давомида Сирдарё туманида жойлашган “У.У.У.Й” фермер хўжалигида электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Текширув жараёнида мазкур хўжалик томонидан электр энергияси ҳисоблагичдан ташқари ҳолда, тармоққа тўғридан-тўғри ноқонуний уланиш орқали фойдаланиб келингани аниқланди.
Ҳолат юзасидан мутахассислар томонидан белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ноқонуний уланиш натижасида электр таъминоти корхонасига 470 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани маълум бўлди.
Тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун тегишли идораларга юборилди. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар “Э-далолатнома” ахборот тизими орқали расмийлаштирилиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилмоқда.
Мутасаддилар электр энергиясидан фойдаланишда белгиланган қоидаларга қатъий риоя этиш зарурлигини яна бир бор эслатиб, қонунбузарликлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА