Электр тармоқларини куз-қиш мавсумига шай ҳолга келтириш юзасидан семинар бўлиб ўтди
Жиззах вилоятида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, тармоқлардаги мавжуд қувватларни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Бу вазифалар, айниқса, истеъмолчилар эҳтиёжи ортадиган мавсум олдидан электр тармоқларининг техник ҳолатини яна бир бор пухта кўздан кечириш, эскирган инфратузилмани янгилаш ва эҳтимолий авариявий узилишларнинг олдини олишни тақозо этади. Зеро, қишнинг совуқ кунларида электр таъминотидаги барқарорлик нафақат маиший қулайлик, балки ижтимоий объектлар ва иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз фаолияти учун ҳам муҳим омилдир.
Шу мақсадда Жиззах вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергетикасини назорат қилиш инспекцияси (“Ўзэнергоинспекция”) раҳбари, тегишли давлат ташкилотлари ва энергетика соҳаси масъуллари иштирок этди.
Йиғилишда жорий йилнинг 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган ёқилғи-энергетика тармоғининг келгусидаги устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини таъмирлаш, мавжуд қувватларни ошириш ҳамда авариявий узилишларнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди.

Бу борада яна бир муҳим жиҳат бор. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 14 майдаги “2026 йилда иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини ошириш ҳамда тармоқ корхоналарида энергиядан оқилона фойдаланишни ташкил қилиш орқали электр энергияси ва табиий газни тежашни таъминлаш тўғрисида”ги қарорида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва белгиланган тежамкорлик кўрсаткичларига эришиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур қарор 2026 йил 29 апрелдаги “2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда белгиланган мақсадларни амалга оширишга қаратилган бўлиб, ҳудудлар кесимида техник чора-тадбирларни белгилаш, уларни “Энергия тежамкорлик” рақамли платформасига киритиш ва ижросини мунтазам назорат қилишни назарда тутади.
Қарорга мувофиқ, 2026 йилда республика миқёсида 4,3 миллиард кВт·соат электр энергияси ҳамда 2,8 миллиард куб метр табиий газни тежаш мақсад қилинган. Жиззах вилояти учун эса уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва хўжалик юритувчи субъектларда энергия самарадорлигини ошириш ҳисобидан 86 миллион кВт·соат электр энергияси ва 37,1 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилиш кўрсаткичлари белгиланган.
Бу вазифалар замирида оддий, аммо ҳаётий талаб — энергияни шунчаки кўпроқ ишлаб чиқариш эмас, балки уни тежаш, самарали узатиш ва оқилона истеъмол қилиш тамойили мужассам.

Шу боис семинарда электр тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш, эскирган инфратузилмани янгилаш ва қўшимча қувватларни ишга тушириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Шароф Рашидов туманида 322 километр янги электр тармоқларини қуриш, 58 километр тармоқни реконструкция қилиш, 378,3 километр электр тармоғида жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, 128 та янги трансформатор ўрнатилиб, 96 та трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари бажарилади. Мазкур ишлар истеъмолчиларга электр энергиясини барқарор етказиб беришнинг техник пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, трансформаторлар ва электр узатиш тармоқларини мавсум олдидан таъмирлаш эҳтимолий носозликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг оқибатларини камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Жиззахда бу жараённинг амалий натижалари ҳам кўзга ташланмоқда. Жумладан, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти (АЖ) Жиззах ҳудудий филиали томонидан Шароф Рашидов туманидаги ТП-157 трансформатор пунктининг 0,4 кВ тармоғида электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида янги темир-бетон таянчлар ўрнатилмоқда.

Шу тумандаги “Тоғчилик” маҳалла фуқаролар йиғини Отчопар массивида кўп қаватли уйларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун 35/10 кВ “Учтепа” подстанциясидан чиқувчи “Ўзбекистон” фидери (электр узатиш тармоғи) орқали янги юқори кучланишли ҳаво электр тармоғи қурилмоқда.
Энергия самарадорлиги масаласи ҳам эътибордан четда эмас. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах ҳудудий филиалида “Энергия тежамкорлик” рақамли платформаси билан ишлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 майдаги, юқорида номи зикр этилган қарорида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Дўстлик туманида эса трансформатор пунктлари ва электр узатиш тармоқлари махсус тепловизор (ҳарорат тасвирлагич) қурилмалари ёрдамида кўрикдан ўтказилмоқда. Бу каби замонавий назорат усуллари тармоқлардаги ортиқча қизиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва эҳтимолий носозликларнинг олдини олиш имконини беради.
Семинарда, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини ошириш, подстанциялар қувватини кучайтириш, электр таъминоти тизимини рақамлаштириш ва тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Зеро, куз-қиш мавсумига тайёргарлик фақат таъмирлаш билан чекланмайди. Бу жараён тармоқларнинг барқарор ишлаши, қувватларни оқилона тақсимлаш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, авариявий ҳолатларга тайёр туриш ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш каби бир-бири билан узвий боғлиқ вазифаларни қамраб олади.
Семинар якунида масъул раҳбарларга белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, электр тармоқларини куз-қиш мавсумига тўлиқ шай ҳолатга келтириш ҳамда мавсум давомида истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Қишнинг совуқ кунлари ҳали олдинда. Аммо электр тармоқларида унинг синовларига тайёргарлик бугундан бошланган. Ҳар бир янгиланган тармоқ, ҳар бир таъмирланган трансформатор, ҳар бир қўшимча қувват — хонадонлар ва ижтимоий объектларда ёруғлик, корхоналарда узлуксиз иш, одамлар ҳаётида эса хотиржамлик дегани.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири