Элчининг фалсафий-маънавий кундалиги
Шу кунларда таниқли элчи Ёдгорхўжа Шодмоновнинг “Икки қутб орасида” китоби “Янги саҳифа” нашриётида чоп этилди.
Ҳар бир инсоннинг ўз ҳаёт йўли, борар манзиллари ва ёрқин хотиралари бўлади. Шундай касблар борки, масалан, элчилик фаолияти ниҳоятда шарафли, лекин жуда масъулиятли касблардан бири ҳисобланади.
Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида 2005-2009 йилларда Бош консул, 2012-2021 йилларда Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси сифатида сермаҳсул ишлаган ушбу китоб муаллифи ўзининг мураккаб миссияси ҳақида ёзган асари ҳам тарихий, ҳам илмий ва ҳам бадиий жиҳатдан беҳад қимматли манбаадир. Чунки сўнгги йилларда фақат Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули бўлиб ишлаган Аброр Ғуломовнинг ана шундай автобиографик китоблари чоп этилиб, халқимизга армуғон қилинганига гувоҳ бўлган эдик.
Мен Ёдгорхўжа Шодмонов ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлигида ишлаб юрган кезларимда ҳамкасблар ва устозларимиздан кўп бор ижобий фикрлар эшитган эдим. 1961 йил 11 апрелда туғилган Ёдгорхўжа ака 1985-1992 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ёшлар ташкилотларида ишлаган, кейинчалик, Тошкент давлат техника университети проректори лавозимида, 1992-1994 йилларда Тошкент шаҳридаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимининг ўринбосари лавозимларида самарали фаолият кўрсатган.
1999-2000 йилларда Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик сервис хизмати котибияти мудири, 2000-2005 йилларда Кадрлар ва ўқув муассасалари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, кейинчалик бошлиғи, Афғонистондаги Бош консулликдан қайтгач эса 2010-2012 йилларда Консуллик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида сидқидилдан хизмат қилди. Жуда кўп инсонга қўлидан келган ёрдамини аямаган, жонажон юртимиз учун чин фидойилик билан бор куч-ғайратини сафарбар этган камтарин, олижаноб ва малакали дипломатдир. Шу боис бу меҳнатлари Давлатимиз Раҳбари томонидан эътироф этилиб, 2022 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас эди албатта.
Қизиқарли тарзда ёзилган китобни бир нафасда ўқир экансиз, элчилик даври том маънода Ёдгорхўжа Шодмонов учун ҳаётидаги энг синовли ва мазмунли йўллар бўлганига амин бўласиз.

“Бу йиллар давомида мен нафақат хизмат бурчимни адо этдим, балки дунёқарашимни кенгайтирдим, инсон қийматини, тинчлик қадрини ва меҳр-оқибатнинг беқиёс кучини янада теранроқ ҳис этдим. Бу юртда вақт билан юзма-юз туриб замон ва ҳаёт зиддиятлари билан тўғридан-тўғри тўқнаш келдим, ўзлигимни теран англадим. Ана шу икки қутб ўртасида кечган ҳаёт менга сабрнинг чегарасиз кучини, дўстликнинг беқиёс қудратини, осойишталикнинг энг бебаҳо неъмат эканини чуқурроқ англатди. Дипломатик хизматнинг машаққати, куну тун масъулияти, хавф-хатар ва синовлари менинг иродамни чиндан ҳам чиниқтирди”, деб ёзади ўша масъулиятли йилларни ширин хотирлар экан.
Китобни мутолаа қилиб умумий тарихимизнинг ажралмас бир бўлаги бўлган қўшни Афғонистон бизга ёндош қўшни давлат бўлишига қарамай, унинг ичини билиш даражамиз, бу ердаги кечаётган қизғин воқеалардан хабардорлигимиз, мураккаб сиёсий-ҳарбий жараёнларидан анча йироқ эканимизни англаш қийин эмас.
Узоқ йиллардан буён дунёни ларзага солаётган, салкам ярим асрдан буён тинчлик нималигини билмай келаётган бу мамлакат одамларининг юксак ғурурига, самимийлиги ва меҳмондўстлигига яққол амин бўласиз. Шодлик бирдан дард билан, туганмас хавф-хатар ва ноаниқликлар жафокаш халқнинг ушалмай келаётган орзу-умидлари билан уйғунлашиб кетади.
Муаллиф Афғонистоннинг ўзи юрган, кўрган ҳар бир ҳудуди – Балх, Жаузжон, Самангон, Фарёб, Қундуз, Сари-Пул, Ҳирот вилоятлари, шунингдек, Кобул, Мозори Шариф, Шибирғон, Андхўй, Айбак, Тошқўрғон, Ғазни шаҳарлари ҳақида муфассал баён этган манзаралар, ҳаяжонли воқеалар, келтирилган тарихий мисоллар беихтиёр қалбингизга кўчиб ўтади.
Мисол учун Мозори Шарифдаги консуллик даврининг ёрқин лаҳзаларини дилбар хотирлайди: “Ўша файзли куннинг ажиб шукуҳли ва ёруғ хотираси юрагимда ўчмас саҳифа бўлиб абадий муҳрланган. Мозори Шарифнинг ҳаётбахш муҳити мени дарҳол ўзига жалб этиб олди. Шаҳар аҳолисининг меҳнаткашлиги, меҳмондўстлиги ва самимий муомаласи ҳар бир учрашув ва мулоқотда яққол сезилиб турар эди. Улар билан қурган суҳбатларим орқали ҳаётнинг мазмун-моҳияти, инсоний қадриятларнинг сўнмас аҳамияти ва ўзаро ҳурматнинг нақадар муҳим фазилат экани чуқурроқ англандим. Бу юртга четдан келган инсон сифатида Мозори Шариф аҳолисига, бу кўҳна шаҳарга бўлган ҳурматим, қилаётган ишимга нисбатан ғурур ва фахр туйғуси кун сайин ошиб борар эди”.
Афғонистон сиёсий-ижтимоий ҳаётига таъсир қилган 100га яқин етакчилар, нуфузли шахслар, қўмондонлар ва маҳаллий шахслар ҳақида катта ҳажмдаги маълумотларни, уларнинг сиёсий тийнати ва салоҳиятини чуқур очиб беради, воқеалар ривожи аниқ ва холис тарихий силсила тизимида очиб берилади.
Юртни кезар экан, заҳматкаш афғон халқининг буюк тийнатини гўзал тилда баён этади, деҳқоннинг қалбига қулоқ солади: “Йўлда давом этар эканмиз, чап томонда қиш кунлари бўлишига қарамай, далаларда оғир меҳнат қилаётган деҳқонларга кўзим тушди. Ерга эгилиб, бир парча заминдан мўл ризқ ундиришга интилган бу одамлар тимсолида мен афғон халқининг табиатан меҳнаткаш ва сабр-тоқатли эканини яна бир бор ҳис қилдим. Шароити қийин, иқтисодий аҳволи мураккаб бўлишига қарамасдан, уларнинг ерга бўлган меҳри ва касбига муҳаббатини кўриб, менда алоҳида эҳтиром уйғотди.
Турли талотўплар, жангу жадаллар, сиёсий беқарорлик ва турмуш қийинчиликларига қарамай, афғон деҳқони ўз кунини кўриш, фарзандларининг ризқини топиш учун матонат билан меҳнат қилишига гувоҳ бўлдим. Уларнинг ҳаётидаги асосий таянч – сабр, меҳнат ва умид. Ана шу фазилатлар афғон жамиятининг ички қудратини, унинг бардоши ва яшовчанлигини таъминлаб келмоқда”.
Тақдир тақозоси билан муаллиф Афғонистон Ислом Республикасининг икки президенти бошқаруви даврида ҳам, “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритган кунларда ҳам ўз бурчи ва ишига катта садоқат билан ёндашиб, хизматини тўкис адо этди.
Шундай кунларнинг бирида Ёдгорхўжа ака элчихона яқинида рўй берган мудҳиш террорчилик ҳаракати туфайли оғир жароҳат олиб, бир неча ой тиббий муолажаларни бошидан ўтказди. Лекин ортга чекинмасдан, чин фидойилик ва мардлик билан ишини давом эттирди.
Ёдгорхўжа ака тимсолида элчилик нақадар мураккаб касб эканлигига, ўзи борган давлатдаги ҳаёт талаблари, реал воқеликка мослашиши зарурлигига, ҳар қандай шароитда ҳам, энг аввало, ўз давлати ва халқининг манфаатларини илгари суриши, ўзбек миллатига мансуб ватандошларни ҳимоя қилишни муқаддас бурчи, деб билишига иқрор бўламиз.
Муаллиф кейинги бобларда Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли алоқаларнинг комплекс динамикасини тадқиқ қилади. Айниқса, 2016 йилдан буён муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган, очиқлик, тинчликсеварлик, конструктив мулоқот ва ташаббускорликка асосланган прагматик ташқи сиёсат мазмунини батафсил ёритиб берган. Маҳоратли элчи ўз шахсий тажрибасини, халқларимиз ўртасидаги биродарлик ва дўстлик муносабатларининг асл мағзини ўқувчига етказишга интилади.
Бир неча қисмларга бўлиб чиқилган китоб шунчаки кўз билан кўрилган тасвирлар ёки воқеларнинг жонсиз тизилмаси эмас, балки элчининг кундалик мураккаб йўли, мақсад сари қатъий саъй-ҳаракатлари ифодаси, ўз кўнгил хилқатларидан ўтказган, қалбини кучли изтироб ва ҳайратга солган кечинмаларнинг тугал инъикоси ҳамдир.
Шу боис ҳам кўпдан буён кечаётган Афғонистон жамияти ичидаги кучли тарқоқлик, этник гуруҳларнинг туганмас зиддиятлари, ҳокимият учун кескин курашлар, аёллар ва кам сонли миллатлар ҳуқуқ ва манфаатларининг тобора чекланиб бораётгани, нўноқ арбобларнинг мамлакат бошқарувига кўрсатаётган салбий таъсири ҳар бир ҳурфикрли инсонни теран мушоҳада юритишга чорлайди.
Ўзбек дипломатиясининг энг яхши анъаналарини мужассам эта олган, моҳир элчининг фалсафий кундалиги дейиш мумкин бўлган, ҳар бир мавзу алоҳида фотолар билан бойитиб борилган “Икки қутб орасида” асари нафақат миллий дипломатиямиз амалиётчилари, балки афғоншунослар, минтақашуносликка қизиқувчи ҳар бир талаба ва мураббийлар учун, шунингдек, илмий тадқиқотчилар, умуман олганда, кенг ўқувчилар оммаси учун мўлжаллангани билан аҳамиятлидир.
Лазиз Раҳматов,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD),
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси