“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатининг мажбуриятлари аниқ белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатининг мажбуриятларини аниқ белгилаш, жамғарма томонидан сарфланган маблағларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво киритишда давлат божини тўлашдан озод қилишни назарда тутувчи нормани киритиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартибини соддалаштириш ҳамда муддатларни қисқартириш белгиланмоқда. Хусусан, бундай ҳужжатлар лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси муддатини 10 кун этиб белгилаш, 5 кун ичида таклиф келиб тушмаган тақдирда лойиҳани ҳуқуқий экспертизага киритиш имкониятини бериш, шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини 20 кунга қисқартириш таклиф этиляпти.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан муайян ишлар амалга оширилганини қайд этди. Шу билан бирга, ундаги айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларига аниқлаштирувчи саволлар берди. Мутасаддилар барча саволларга тушунтиришлар бериб ўтди.
Савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА