Экспортчилар учун хорижий сертификат олиш янада осонлашди
Эндиликда республика тадбиркорлари хорижий сертификатларни олиш учун аризани онлайн тарзда топширишлари мумкин.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан экспортчилар учун яна бир қулайлик жорий этилди. Хусусан, халқаро ISO, OEKO-TEX, GlobalG.A.P., Европанинг CE ва бошқа шу каби стандарт ҳамда сертификатларни олиш зарурати туғилганда аризани «Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизими орқали юбориш имконияти яратилди.
Бунинг учун tris.uz тизимидаги «Сертификатлаш» бўлимига кириб, «Экспорт сертификатини олишга ариза бериш» хизматини танлаш лозим. Шундан сўнг аризачи, экспорт қилинаётган маҳсулот ва олиниши зарур бўлган сертификат ҳақидаги маълумотлар киритилади.
Ариза қабул қилингач, Агентликнинг масъул ходимлари тадбиркор билан боғланиб, хорижий сертификатни олиш жараёнига амалий кўмак кўрсатади.
Янги хизмат, айниқса, ташқи бозорларга чиқишни режалаштираётган тадбиркорлар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки халқаро стандарт ва сертификатларнинг мавжудлиги маҳсулотларни хорижий бозорларга олиб чиқишда муҳим талаблардан бири ҳисобланади.
Шу тариқа, сертификатлаш жараёнини рақамлаштириш орқали экспортчилар учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиришдаги ташкилий масалаларни енгиллаштириш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган яна бир қадам ташланди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА